ЎзА Ўзбек

13.08.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Ҳашар байрам тантанасига уланиб кетди

“Обод қишлоқ” дастури асосида қайта қурилаётган Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги "Ғалаба" маҳалласида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Дастур асосида маҳаллада амалга оширилаётган қайта қуриш, бунёдкорлик, таъмирлаш, ободонлаштириш ишларининг суръати Мустақиллик байрами арафасида янада жадаллашди. Бу хайрли ишда маҳалла аҳли билан бирга, турли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, турар-жойлар, инфратузилма иншоотлари барпо этилишида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шахсий таркиби қурувчилари катта ҳисса қўшаётир.

Маҳаллада ҳашарда қатнашаётган ушбу вазирлик вакиллари иштирокида Мустақиллик байрамига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди. Унда кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Вазирликнинг ҳашарда намунали иштирок этаётган бир гуруҳ ходимларига туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир доирасида таниқли санъаткорлар ижросида катта концерт дастури намойиш этилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
5 355