Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 16:15 Чоп этиш версияси

Ҳашар – аҳил элга ярашар

Сурхондарё вилоятида ҳам жорий йилнинг 11-12 март кунлари бўлиб ўтадиган умумхалқ ҳашарига пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Маҳалла, кўча-кўй ва хонадонларни тоза-озода, саранжом-саришта сақлаш, эрта баҳордан турли дарахт ва гул кўчатлари экиб, теварак-атрофни кўкаламзорлаштириш халқимизга хос юксак фазилатдир. Мустақиллик йилларида бундай миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, улуғ айёмлар арафасида янада кенг тус олмоқда.

– Вилоятнинг барча ҳудудларида умумхалқ ҳашари халқимизга хос меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик сингари эзгу фазилатлар асосида ўтказилади, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Ўрол Тошбоев. – Икки кун давомида шаҳар ва қишлоқларимизда майдонлар ободонлаштирилиб, турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, ранг-баранг гуллар экилади. Ариқ ва зовурлар тозаланиб, тўпланган маиший, қурилиш чиқиндилари белгиланган ҳудудларга чиқарилади. 740 дан ортиқ муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳ ободонлаштирилиб, теварак-атрофи тартибга келтирилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уй-жойлари таъмирланиб, эҳтиёжманд хонадонлар, ёлғиз кексалар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатилади.

Вилоятда байрамолди умумхалқ ҳашарида 1 миллион 180 мингдан ортиқ киши иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 700 мингдан зиёди ёшлардир.

Тўпланган чиқиндиларни ташиш ва бошқа муҳим юмушларни бажариш учун 1 минг 160 га яқин турли техника воситаси жалб этилади. Термиз шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ҳашар арафасида топширилган мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “МАН” русумли иккита махсус чиқинди ташиш машинаси ва иккита тиркамали трактор қувватидан ҳам самарали фойдаланилади.

– Ҳашар олдидан топширилган ушбу замонавий машина чиқиндиларни янада тез ва сифатли ташишга хизмат қилади, – дейди Термиз шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳайдовчиси Қаҳрамон Маматов. – Яшариш ва янгиланиш байрами арафасида ўтказилаётган ҳашарда ўзимизда ишлаб чиқарилган янги техника воситаси билан шаҳримизни янада обод қилишда фаол иштирок этаётганимдан фахрланаман.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
5 127






Все о погоде - Pogoda.uz