Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2018 18:09 Чоп этиш версияси

Қашқадарёлик зиёратчиларнинг биринчи гуруҳи жўнаб кетди

Қашқадарёлик зиёратчиларнинг биринчи гуруҳи жўнаб кетди
Мустақиллик йилларида муқаддас Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш учун кенг имкониятлар яратилди. Зиёратга борувчиларни кузатиш, манзилга етиб борилгач, қулай истиқомат чораларини кўриш ҳамда соғ-саломат юртга қайтгач, уларни кутиб олиш каби хизматлар юксак даражада ташкил этилмоқда.

Ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра амалларини адо этиш шарафига муяссар бўлмоқда. Улуғ ибодатни бажаришни ният қилган ватандошларимизга муборак сафарга эсон-омон бориб-келиши, ибодатларни барча рукнларга риоя қилган ҳолда мукаммал адо этиши учун зарур шароит яратилган.

Куни кеча муборак “Ҳаж – 2018“ сафарини амалга ошириш истагида бўлган қашқадарёлик юртдошларимиз Қарши аэропортидан Саудия Арабистонининг Макка шаҳрига "Боинг-767" самолётида жўнаб кетди.

“Ҳаж – 2018“ дастури доирасида жорий йилда 7 минг 200 нафар юртдошимиз ислом динининг бешинчи аркони бўлган муборак Ҳаж зиёратини амалга ошириш имкониятига эга бўлди. Уларнинг 413 нафари қашқадарёлик зиёратчилардир

Ҳаж зиёратига рўйхатга олиш жараёнлари алоҳида тамойил асосида амалга оширилди. Зиёратчилар маҳаллада, эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган, муқаддас динимиз арконларини тушунадиган, Ҳаж ўзи қандай ибодат эканини чуқур англаб етган фуқаролар суҳбат асосида танлаб олинди.

– Қашқадарё вилоятидан дастлабки гуруҳда 208 нафар фуқаро муборак Ҳаж зиёратига жўнаб кетди, – дейди Қарши аэропорти божхона пости бошлиғи Хуршид Мирзаев. – Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, бу йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги қарори асосида барча халқаро аэропортларда икки йўлакли тизим ташкил этилди. Улар жумласида Қарши аэропорти ҳам бор. Икки йўлакли тизим фуқароларимизга жуда кўп енгилликлар яратди. Хусусан, Ҳаж зиёратига кетаётган фуқаролар қизил ва яшил йўлакларда ҳаракатланишди. Агар зиёратга кетаётганларда 2 минг АҚШ долларидан кам нақд чет эл валютаси бўлса, улар ҳеч қандай декларация тўлдирмасдан, божхона назоратини соддалаштирилган тартибда амалга ошириб, яшил йўлакдан ўтишди. Кузатилган дастлабки гуруҳнинг қарийб 95 фоизи худди шу ҳолатда яшил йўлакдан юрди. Бу эса уларнинг божхона назоратидан ўтиш ва ҳаракатланиш вақтини анча қисқартирди.

Қарши аэропортида йўловчилар учун барча шароит яратилган бўлиб, махсус ишчи гуруҳ зиёратга йўл олганларга рўйхатдан ўтиш, божхона хизматлари кўрсатишда яқиндан ёрдам берди.

– Муқаддас амални бажариш, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунавварада бўлиш, шу жойларда ибодат қилиш, эл-юртимизга тинчлик-фаровонлик, фарзандларимизга саломатлик тилаб дуолар қилиш эзгу мақсадимиз эди, – дейди Қарши шаҳрилик зиёратчи Бўри Норқобилов. – Аллоҳга минг шукрки, муқаддас зиёратгоҳларга йўл олдик. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг кундан-кун ривожланиб, мустақиллигимиз мустаҳкамланиб бораётганидандир. Бугун одамларнинг қалбида ғурур, қувонч, шукроналик мужассам. Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган мана шундай шароитлардан фойдаланиб, ҳеч бир қийинчиликсиз, иззат-ҳурмат билан Ҳаж сафарига юборилаётганимиздан беҳад шодмиз.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, вилоятдан Ҳаж сафарига бориш истагида бўлган фуқароларнинг иккинчи гуруҳи 11 август куни Қарши аэропортидан "Боинг-767" самолётида парвоз қилади. Шунингдек, Сурхондарё вилоятидан ҳам Ҳаж сафарини ният қилган юртдошларимиз Қарши аэропортидан жўнаб кетишади. 

Ўлмас Баротов, ЎзА
2 044