Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 19:10 Чоп этиш версияси

Асакада Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси очилди

Асакада Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси очилди Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида Асакадаги “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, мамлакатимиз автомобилсозлик саноати асосчиси Ислом Каримовнинг ёдгорлик мажмуаси очилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилган ёдгорлик мажмуаси очилишида давлат ва жамоат ташкилотлари, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва унинг тизимидаги корхоналар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, “GM Uzbekistan” акциядорлик жамияти ходимлари иштирок этди.

4.JPG

Мустақиллигимиз асосчиси, буюк сиёсатчи ва давлат арбоби Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатимизни тараққий эттириш, халқимиз маънавияти, турмуш фаровонлигини юксалтириш, бунёдкорлик борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Айниқса, Биринчи Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида юртимизда автомобилсозлик саноати шакллангани, Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчи жаҳондаги саноқли давлатлар қаторидан ўрин олгани фахр билан қайд этилди.

– Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1996 йилда Асакада ишга туширилган автомобиль заводида дастлаб уч русумдаги машина ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда 11 русумли замонавий автомобиллар тайёрланмоқда, – дейди “GM Uzbekistan” акциядорлик жамияти бош директори вазифасини бажарувчи Р.Ражабов. – Тўла қувват билан иш олиб бораётган заводимизда йилига 200 мингта турли русумли автомобиль ишлаб чиқарилмоқда.

7.JPG

Айни пайтда Ислом Каримов номи билан аталувчи Асака автомобиль заводида 10 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилаётир. Заводда ўтган давр мобайнида 2 миллион 700 мингдан зиёд автомобиль ишлаб чиқарилди. Бугунги кунга келиб корхона автомобиллари жаҳоннинг 10 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда.

– Завод қурилиши бошлангандан буён шу ерда ишлайман, – дейди “GM Uzbekistan” акциядорлик жамияти йигирув цехи смена устаси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Дилшодбек Муллажонов. – Ўша пайтларни яхши эслайман, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов завод қурилишига бош-қош бўлган, Асакага тез-тез келиб, қурилиш жараёни билан бевосита танишар, ишларни жадаллаштириш юзасидан зарур топшириқлар берар эди. Ўша пайтда у кишидаги шижоат, жонбозликни, айниқса, эл-юрт учун фидойиликни кўриб, биз ҳам астойдил меҳнат қилишга интилардик. Бугун ана шу тарихий жараёнда қатнашиб, юртимиз автомобилсозлигининг юраги бўлган ушбу заводда ишлаётганимдан фахрланаман. Мана шундай улуғвор ишлар ташаббускори Ислом Каримов хотираси қалбларимизда ҳамиша барҳаётдир.

10.JPG

Тадбирда иштирокчилар томонидан ёдгорлик мажмуасига гулчамбарлар қўйилди. Улар корхонада ташкил этилган Ислом Каримов музейидан ўрин олган экспонатлар билан танишди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Фаҳриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 071






Все о погоде - Pogoda.uz