Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 22:10 Чоп этиш версияси

Арзон уй-жойлар қурилиши давом этади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан Тошкент ва республикамизнинг бошқа шаҳарларида кўп квартирали уйлар қурилиши ва реконструкция қилиниши амалга оширилмоқда.

Бу жараёнга мамлакатимизнинг бир қатор йирик банк-молия муассасалари жалб этилган. Жумладан, “Ипотека-банк” АТИБ ҳам аҳолини арзон уй-жой билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган тадбирда мазкур банк томонидан бу жараёндаги ишларнинг бориши ҳақида маълумот берилди.

Аҳолининг арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжи юқори. 27 мингдан зиёд муҳтож оила Дастур доирасида қурилаётган арзон уйлардан яқин йиллар ичида квартира сотиб олиш истагини билдиргани ҳам фикримиз далили. 2017 йилда уй-жой шароити яхшиланишига муҳтож бўлган шаҳар оилаларидан 8 мингга яқини арзон ва шинам уй билан таъминланди.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, 2018 йилда 377 та 15 минг 639 хонадонли арзон уй-жойлар қурилиб, аҳолига имтиёзли равишда берилиши режалаштирилган. Айни пайтда бу уйларнинг қурилиши бошлаб юборилган. Қурилиш ишларига 10 мингга яқин ишчи, 40 га яқин бош пудратчи ташкилот жалб қилинган.

Бу уй-жойларнинг арзон ва имтиёзли нархларда берилиши сабаби, қурилиш жараёнлари оптимал вариантда ишлаб чиқилгани, қурилиш маҳсулотлари маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан арзон нархларда етказиб берилаётганида кўзга ташланади. Шунингдек, қурилиш ташкилотларининг бир қатор солиқлардан озод этилиши ва ичимлик суви, газ, электр энергияси, оқова сув тармоқларининг ўтказилиши давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши уй-жойлар нархи тушишига омил бўлмоқда.

Тадбирда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож жисмоний шахсларни аниқлаш, ипотека кредитларини расмийлаштириш ва ажратиш тартиби ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилдики, жисмоний шахсларга арзон уй-жойлардан квартира ажратиш туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган ҳудудий комиссия томонидан амалга оширилади. Унда мулк ҳуқуқи билан турар жойи йўқ, эскирган уйда ёки ижарада яшаётган, бир нечта оила битта уйда истиқомат қилаётган, кўп болали оилалар, тўлиқ бўлмаган оилада ота (она) томонидан фарзанд тарбияланиши, оила аъзолари таркибида оғир сурункали касалликка чалинган ва қонунчиликка мувофиқ алоҳида уйда яшашга мажбур бўлган қариндош, оила аъзолари таркибида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги, уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий нормага мувофиқ эмаслиги арзон уй-жойлардан квартира олиш имконини беради.

Ипотека кредити кўп квартирали уй эксплуатацияга қабул қилингандан сўнг берилади. Ипотека кредити 20 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан, кредитдан фойдаланганлик учун дастлабки 5 йил давомида 7 фоиз миқдорида ажратилади. Олтинчи йилдан бошлаб фоиз ставкаси кредит олиш учун ариза тақдим этилган санадаги Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб белгиланади ва бу кредит шартномасида қайд этилади.

“Ипотека-банк” АТИБ масъуллари мавзу юзасидан журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
11 703