Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 17:55 Чоп этиш версияси

Қаршида сайёр қабул

Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Ғозиев сайёр қабул ўтказди.

Қарши шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Қарши санъат коллежида ташкил этилган сайёр қабулларда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят жиноят, хўжалик, фуқаролик суди раислари ва судьялари, Қарши шаҳридаги маҳаллалар раислари, уларнинг маслаҳатчилари, тадбиркорлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Ғозиев. – Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамланди. Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Вилоятдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига мурожаат қилаётган ҳар бир фуқаронинг ариза ва шикояти ўз вақтида холисона кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилмоқда. Ўтган давр мобайнида вилоятдаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган 5 минг 179 мурожаатнинг 137 таси суд амалиёти билан боғлиқдир.

Сайёр қабулда Қарши шаҳридаги фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, кексалар, хотин-қизлар томонидан уларнинг яқинлари ва ўзлари устидан чиқарилган суд ҳукмларидан норозилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналарига қилган ёзма ва оғзаки мурожаатлари тингланди, қайта кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

– Суд қизимнинг розилигисиз эри билан ажралиши тўғрисида ҳукм чиқарган, – дейди қаршилик Рашид Мўминов. – Ҳозир эри хорижда. Бунинг устига янги қурилиш ишлари туфайли уй-жойи бузилди. Уй-жой қайнотасининг номида бўлгани боис қизим 2 фарзанди билан кўчада қолди. Бундан норози бўлиб, кўплаб ҳуқуқ-тартибот органларига қилган мурожаатларимиздан тайинли жавоб ололмадик. Бугунги қабулда Олий суд раисига мурожаат қилдик. Аризамиз қабул қилиниб, мазкур иш қайта кўриб чиқилиши ва адолатли ҳукм чиқарилиши айтилди. Бундан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

Сайёр қабулда фуқароларнинг уй-жой, мулкий низолар, ажрим, фирибгарлик, ер ажратиш, оила-никоҳ каби масалаларга тааллуқли турли мазмундаги 50 дан зиёд мурожаати қабул қилинди ва қайта кўриб чиқиш учун вилоятдаги тегишли суд раислари ва судьяларга аниқ топшириқлар берилди. Бу каби низоларни бартараф этишда маҳалла идоралари, хотин-қизлар қўмиталарининг ҳамкорлигини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
3 274






Все о погоде - Pogoda.uz