Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.10.2017 17:41 Чоп этиш версияси

Қарор ва ижро: уй ҳайвонлари рўйхатга олинади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб юртимизда жисмоний ва юридик шахслар томонидан асраб, кўпайтириладиган ҳайвонлар босқичма-босқич идентификация қилинади. Идентификация қилинган ҳайвонлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида ягона электрон ахборот тизими жорий этилади.

– Ҳукумат қарори билан ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, – дейди Самарқанд вилояти ветеринария бошқармаси бошлиғи Элмурод Тошмуродов. – Мазкур низомга кўра, идентификация қилиш уларни биркалаш, тавро босиш (тамғалаш), жетон бериш (жетонлаш) ва чип ўрнатиш (электрон идентификация) орқали ҳайвонларни аниқлаш имконини берадиган индивидуал рақам бериш, шунингдек, ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотни электрон ахборот тизимига киритиш ва уларга ветеринария паспортини расмийлаштириш билан амалга оширилади.

Ҳайвонларга идентификация рақами берилганидан сўнг уч иш куни мобайнида давлат ветеринария хизмати вакили ҳайвон эгасига ветеринария паспортини расмийлаштиради. Бу паспорт туман (шаҳар) ветеринария бўлими бошлиғи томонидан имзоланади ва муҳр босилади. Сақланаётган (боқилаётган) ҳар бир бош ҳайвонга ветеринария паспорти расмийлаштирилади (қўй ва эчкига гуруҳ усулида ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мумкин). Ветеринария паспортига ҳайвонларнинг идентификация рақами (янги туғилган ҳайвон билан бирга, уни туққан ҳайвон тўғрисидаги маълумот ҳам киритилади), ҳайвонларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва уларни даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Кейинчалик профилактика, ташхис қўйиш ва даволаш тадбирлари ўтказилганда, ҳайвон эгаси ўзгарганда ва бошқа ҳолатларда паспортга маълумотлар киритиб борилади. Агар ветеринария паспорти йўқолса ёки яроқсиз ҳолга келиб қолса, тегишли тартибда унинг дубликати берилади.

Низомда белгиланганидек, бузоқ, қўзи, улоқ ва бўталоқ туғилганидан ўн тўрт кун ўтиб, бир ойдан кечикмасдан, қулун ва хўтик тўрт ойлигидан, чўчқа бир ойлигидан, кучук ва мушукча уч ойлигидан ҳисобга олинади.

Аҳолини ҳайвонлар ва одам учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилиш мақсадида фуқаро ҳайвонни сотиб олганда доимий яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизмати вакилига етти кун ичида ҳайвонни ҳисобга қўйиш учун мурожаат қилиши лозим. Давлат ветеринария хизмати уч кун ичида ҳайвонни ҳисобга олади.

Ҳайвон эгалари ҳайвон туғилганда белгиланган муддатларда идентификация қилиш учун доимий яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизмати вакилига мурожаат қилади.

Идентификация қилиш ишлари биринчи навбатда йирик ва майда шохли молларни ҳисобга олиш билан бошланади. Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда 1 миллион 454 мингдан ортиқ йирик, 2 миллион 205 минг бошдан ортиқ майда шохли мол боқилади. Мазкур уй ҳайвонларини рўйхатга олишга вилоят ветеринария хизмати тизимидаги туман ва шаҳар бўлимлари, 545 зооветеринария шохобчаси мутахассислари жалб этилади. Бунинг учун мутахассис-ходимлар ўқитилиб, малакаси оширилади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 330






Все о погоде - Pogoda.uz