Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.11.2017 16:31 Чоп этиш версияси

Қарор ва ижро: Mарказий Oсиё чўллари бўйича ташаббус

Мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аграр тармоқда илғор технологияларни қўллаш, тупроқ емирилиши ва чўлланишнинг олдини олиш доимий эътиборда.

Шу боис ҳам мамлакатимизда халқаро донор компаниялар ҳамда хорижий давлатлар ўрмон хўжалиги идоралари билан ҳамкорликда чўлга айланиш хавфи мавжуд ҳудудлардаги экологик вазиятни барқарорлаштириш йўлида кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги, Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Михаэл Зукков жамғармаси, Глобал экологик жамғарма, Жаҳон банки ҳамда Корея Республикаси, АҚШ ва Польша давлат ўрмон хўжалиги идоралари шулар сирасидандир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори биохилма-хилликни сақлаш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва барқарор ривожлантиришда дастуриламал бўлаётир.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда шулар хусусида сўз юритилди. Унда Германиянинг Грайфсвальд университети ва Михаэл Зукков жамғармаси кўмагида амалга оширилаётган “Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббус: Марказий Осиё чўлларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш” лойиҳасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Бакиров, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг минтақалараро офиси департамент раҳбари Салим Захуэх ва бошқалар ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни юмшатиш сиёсатини қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини, чўл ҳудудларида ўрмонларни бошқаришнинг ўзига хос моделларини яратишда қўл келишини таъкидлади.

2017-2020 йилларга мўлжалланган лойиҳа Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонда амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ҳар бир мамлакат экологик барқарорликни таъминлаш борасида ўзининг узоқ муддатли юксалиш стратегиясини ишлаб чиқади. Унда ўрганилган тажрибалар миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда кўлланилади. Лойиҳани Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига татбиқ этиш мўлжалланмоқда.

– Мақсад – чўл ва ярим чўллардаги биохилма-хилликни сақлаш, бошқариш, иқтисодий фойда келтирадиган ўсимлик турларини аниқлаш, аҳолининг яйловлардан оқилона фойдаланишини янада ошириш орқали экотизим барқарорлигини таъминлашдир, – дейди лойиҳа раҳбари Кристиан Вельшер (Германия). – Таъкидлаш керакки, мамлакатингизда чўллардан унумли фойдаланиш, саксовулзорлар яратиш борасида қатор ютуқларга эришилмоқда.

Семинарда қум заррачаларининг кўчиши аҳоли турмуш тарзи ва саломатлиги ёмонлашувига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг пасайишига олиб келиши мумкинлиги, соҳада тўпланган тажрибалар, биологик муҳитнинг ўрганилмаган жиҳатлари, ерларнинг деградация жараёнлари, глобал миқёсда йўқолиб кетиш хавфи остида турган наботот ва ҳайвонот олами каби қатор мавзуларда маърузалар тингланди.

Сайёра Шоева, ЎзА
3 753






Все о погоде - Pogoda.uz