Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 18:08 Чоп этиш версияси

Армияга навбатдаги чақирувга тайёргарлик ишлари якунланди

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг мудофаа ишлари бўйича бўлим ва бошқармаларида фуқароларнинг мамлакатимиз Қуролли Кучларига муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирувига тайёргарлик ишлари якунланди. Тиббий комиссиялар ўз билими ва жисмоний тайёргарлигини намойиш қилган минглаб ёш йигитларни саралаб олди. Яқин кунларда улар ўз Ватанига хизмат қилиш учун белгиланган жойларга жўнаб кетади.

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юртимизнинг барча вилоятларида миллий армиямизга навбатдаги чақирув ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаганларни уйларига жўнатиш ишларига тайёргарлик олиб борилмоқда.

Чақирув комиссиялари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида уларнинг таркибига давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик ташкилотлари, Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари вакиллари киритилган. Истиқлол йилларида Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида саралаб олиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилди. Муддатли ҳарбий хизмат давомида ўзининг ижобий жиҳатларини намойиш этган ҳарбий хизматчилар учун белгиланган имтиёзлар тизими яхши натижа бермоқда.

Мамлакатимизда фуқароларнинг Қуролли Кучларга муддатли ҳарбий хизматга чақируви йилига бир маротаба – февраль-март ойларида амалга оширилади. Бу чақирилувчиларни саралаб олиш жараёнини сифатли ташкил қилиш имконини беради.

– Ҳар йили август ойидан бошлаб чақирилувчиларнинг шахсий йиғма жилдлари, маҳаллалардан тўпланган маълумотномалар, уларнинг оилавий аҳволи, чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эгалиги ўрганиб чиқилади, – дейди Тошкент шаҳар Миробод тумани мудофаа ишлари бўлим бошлиғи Э.Ҳожиаҳмадов. – Айни кунларда барча чақирилувчилар тиббий комиссия текширувидан ўтди. Шифокорлар чақирилувчиларнинг саломатлик даражаси ошганини таъкидлашмоқда. Бу мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасидир.

Йигитларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синови асосида саралаб олишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ушбу танловда ёшларнинг мактаб таълими дастуридаги предметларни ўзлаштириш даражаси, уларнинг интеллектуал салоҳияти, мослашувчанлик ва чидамлилик қобилиятлари текширилади. Шунингдек, жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилади. Тест синовлари якунида барча баллар жамланади ва шу асосда чақирилувчининг салоҳияти аниқланади.

– Болалигимдан ҳарбий либос кийиб, Ватанимизга хизмат қилишни орзу қилганман, – дейди чақирилувчи Ш.Ҳайдаров. – Бир ой олдин Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Тошкент бирлашган техника мактабини тугатдим. Мен бу мактабда муддатли ҳарбий хизматда қўллашим мумкин бўлган радиотелефончилик бўйича зарур билим ва кўникмаларни эгалладим. Ҳарбий хизматни тугатиб, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кириб, ҳаётимни Ватан ҳимоясига бағишламоқчиман.

Роман Бондарчук, ЎзА
1 172






Все о погоде - Pogoda.uz