Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 18:37 Чоп этиш версияси

Армия – жасорат ва мардлик мактаби

Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, бўлажак аскарларнинг ота-оналари, ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда замонавий ҳарбий техника, қурол-яроғ ва юксак малакали кадрлар билан таъминланган, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шакллантирилгани таъкидланди. Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида саралаб олиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилгани Қуролли Кучлар сафини пухта тайёргарликка эга чақирилувчилар билан тўлдириш имконини бераётир.

– Йигитларни жисмоний тайёргарлик синовидан ўтказиш билан бирга, уларнинг билим даражаси тест натижаларига кўра алоҳида баҳоланади. Хусусан, мактаб таълими дастуридаги фанларни ўзлаштириши, интеллектуал ривожланиш даражаси ҳамда мослашувчанлик, чидамлилик қобилияти текширилади, – дейди Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими бошлиғи, подполковник Хайрулло Ўрунов. – Чақирув комиссияси аъзолари таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бир қаторда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳам киритилгани чақирилувчилар учун ўтказилаётган танлов ҳамда синов жараёнларида ошкораликни таъминламоқда.

Жисмоний тайёргарлик синовидан аъло даражада ўтган, тест топшириқлари якунида энг юқори балларни қўлга киритган йигитлар сафида Бўка педагогика касб-ҳунар коллежини тамомлаган Достонжон Шеров ҳам бор.

– Спорт билан мунтазам шуғулланганим, тил ўрганиш ва аниқ фанларга қизиққаним барча синовлардан мувафаққиятли ўтишимга замин бўлди, – дейди Достонжон. – Ҳарбий хизматдан сўнг Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга кирмоқчиман. У ерда Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли касб сирларини пухта эгаллаб, етук офицер бўлишни қатъий мақсад қилганман.

Йигитлик бурчини ўташ учун йўл олаётган ўғлонларга эсдалик совғалари топширилди. Ватан, тинчлик, мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар кузатиш маросими иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Икром Аввалбоев, ЎзА
3 055






Все о погоде - Pogoda.uz