Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.01.2018 17:32 Чоп этиш версияси

Армия билан халқ ­– бир тану бир жон

Бугун “Локомотив-Анҳор” деб аталаётган истироҳат боғи яқиндагина ташландиқ, овлоқ жой эди. Йиллар давомида йўловчилар нигоҳини тўсиб, кўнгилни ғаш қиладиган манзара касб этган муваққат девор ортида нималар бору, нималар бўлаётганлигини кўпчилик билмасди.

Ҳозир эса кўнгилочар боғга айлантирилиб, Янги йилнинг катта арчаси болажонларимизу онажонларимизга бир олам қувонч улашди. Мана, бугун ҳам бошқа байрамлардан қолишмайдиган, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Барча байрамларнинг боши” бўлган Ватан ҳимоячилари кунини айни шу жойда халқ сайли сифатида нишонлаяпмиз. Қуёш ярақлаб турган бўлса-да, елвизакли ҳаводан қишнинг заҳри сезилади. Шунга қарамасдан минглаб пойтахт аҳли, айниқса ёшлар ҳарбийларимизнинг бўй-бастини кўриш, ҳарбий техникаларимизни томоша қилиш, умуман олганда, сайлда иштирок этиш учун ташриф буюрган. Улар орасида баъзилари ҳарбий бўлишга орзумандлиги боис ошиқиб келган бўлса, аксариятида айни шу лаҳзада шу майдонда юрт ҳимоячиси бўлишга иштиёқ уйғонган бўлса ажабмас. Чунки ишонч билан қурол кўтарган, алпқомат, қарашлари қатъий йигитларимизга, албатта, ҳамма ҳавас, меҳр, фахр ва ғурур билан қараши табиий.

Президентимиз 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини томоша залларида шунчаки ўйин-кулгу билан ўтадиган бир марталик тадбир эмас, балки халқ сайлига айлантириш, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам чинакам айём сифатида нишонлаш керак эканлиги тўғрисида фикр билдирди. Қувончлиси шуки, давлатимиз раҳбарининг ҳар қандай соҳага тегишли ҳар бир қарори тез фурсатда амалга ошиб, ўз самараларини бермоқда. Ҳарбий тизимда бир йил аввал берилган кўрсатмалар бугун ҳаётга татбиқ этилиб, кўз ўнгимизда ҳаёт-мамот масаласи – мудофаа ишларида ҳам янгиланишлар бўй кўрсата бошлади. Аввало, Қуролли кучлар академияси ислоҳ қилиниб, янги мазмун-моҳият касб этди. Етти ой ичида Ситуацион марказ қурилиб, замонавий кўриниш олгани, бу билан бугунги кун қўйиши мумкин бўлган саволларга тезкор жавоб бериш имконияти яратилгани айни муддао бўлди.

Мактаб ва коллеж-лицей ўқувчиларидан тортиб онасининг етовида юрган болакайларгача иштиёқ билан, кўзларида завқу шавқ порлаб ҳарбий кўргазмани томоша қилишяпти. Бир томонда тарихимизни эслатадиган манзара: ҳарбий чодирлар тикилган, дала ошхоналарининг темир ўчоқларига ўтин қаланиб, аскар қозонларида шавла қайнаётган бўлса, бир томонда ўқ отиш нишонларини мерган милтиғидан мўлжалга олишга ҳавасмандлар сон-саноқсиз. Бир тўп болалар қуршовида кўргазма айланиб, аскарлар билан суратга тушиб юрган сайл иштирокчиларидан бирининг дил сўзларига қулоқ тутинг:

– Мен, Ҳикоят Илёсова, 322-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Ўқувчиларим билан бирга ўзимнинг тўрт яшар ўғлимни ҳам олиб келгандим, тўғри қилган эканман. Биз болаларга дарс берамиз, уйда тарбия қиламиз, Ватанни севиш керак, деб уқдирамиз. Қаранг, шунча саъй-ҳаракатларимиз бир ёну, мана бу сайл бир ён бўлди. Менимча, ҳаёт мактаби деганлари шу бўлса керак. Болаларни ҳайрати, ҳаяжонини кўринг. Уларга бир умрлик таассурот беряпти бугунги тадбир...

Ҳикоят опа шу сўзларни айтаркан, самода вертолётлар пайдо бўлиб, томошабинларнинг ҳис-ҳаяжонли қийқириқлари суҳбатимизни бўлиб қўйди. Ҳарбий темирқушлар сайлгоҳ тепасига тик келиб, тумшуқларини эгиб салом қилгандек бўлди. Олқишлар авжига минди...

Президентимиз куни кеча ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган мажлисида куюнчаклик билан нутқ сўзлаб, соҳада мавжуд бўлган камчиликлар тўғрисида танқидий фикрлар билдирди. Аччиқ ҳақиқатларни ўртага ташлаб, “Сен менга тегма, мен сенга тегмай” каби боқибеғамлик, қоғозбозлик каби иллатларни кескин танқид остига олди.

Бу танқид ва талаблар барчаси Президентнинг халқимизга бўлган чексиз меҳри, эътибори, муҳаббати туфайли, деб қабул қилиниши керак. Чунки агар бугун мавжуд ҳолатга холис баҳо берилмаса, ўзимизни ўзимиз алдаб, мақтаниш билан камчиликларни хаспўшласак, бунинг оқибати ёмон бўлиши кундай аён. Афсуски, кўп йиллар мобайнида биз ўтмишдаги даҳоларимиз билан мақтаниш, боболаримиз бунёд этган шаҳарларни кўз-кўз қилиш, арзимас ютуқларимизга маҳлиё бўлиш каби касалликка мубтало бўлдик.

Мана, шу беморлигимизни иситмамиз ошкор қила бошлади. Энди жамиятни соғломлаштириш, турли “юқумли касалликлар”га қарши “эмлаш” кун тартибида турибди. Кўнгилни ёритадиган, халқимизда умид учқунларини пайдо қиладиган ислоҳотлар кун сайин кенг қулоч ёйиб бораётган, мамлакатни тараққий йўлига олиб чиқадиган янги ҳаётбахш ғоялар туғилаётган тарихий кунларда бефарқ бўлиш, четда туриш миллатга хиёнатдан ўзга нарса эмас. Ҳа, жиддий муаммолар кўп, лекин бу тугунларнинг ечимлари бор.

Президентимиз ҳам Олий бош қўмондон, ҳам шу Ватаннинг биринчи ҳимоячиси сифатида мудофаа тизимидаги масалаларни ҳам қандай ҳал қилишни очиқ-ойдин кўрсатиб берди. Энди белни камар билан тортиб боғлаб ишлаш керак. Ишлаганда ҳам онгли равишда, масъулиятни зиммага олиб, юрт тақдири учун қайғуриб меҳнат қилиш керак. Бу борада кадрлар тайёрлаш, маънавияти бутун, миллатсевар қодир ўғлонларни тарбиялаш шарт.

Армиямизнинг жамоатчилик назаридан, назоратидан четда қолмаслиги, кечаётган ислоҳотлардан халқ мунтазам хабардор бўлиб боришига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Армия маънавиятли, маърифатли бўлиши лозим. Бунинг учун, Президентимиз айтганларидек, ҳарбий хизматдаги йигитлар бадиий юксак китобларни ўқиши, шу билан бирга, ўқилган адабиётлар бўйича имтиҳон топширишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Ростдан ҳам биз ҳар йили ҳарбийларга мана шунча китоб бердик, деганимиз билан натижа қандай, бу китоблар ўқиляптими, йўқми, номаълум эди. Энди бу борада ҳам тизим яратиладиган бўлди. Чунки китобни ўқиш бошқа, ўқиш масъулиятини англаш бошқа.

Биз ўтказган сўровларга кўра, ҳарбийлар ва мутахассислар қуйидаги асарларни маъқул топишган: буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Насавийнинг “Жалолиддин Мангуберди” солномаси, “Алпомиш” достони, Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”и, “Бобурнома”, “Ўтган кунлар”, “Навоий”, “Юлдузли тунлар”, “Шум бола”, “Ўтмишдан эртаклар”ва Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева каби халқ шоирларининг тўпламлари, чет эл адабиётидан Лев Толстой, Пушкин, Хемингуей, Айтматов каби адиблар асарлари шу жумладандир. Энди уларни ўқитиш методикасини тўғри йўлга қўя олсак, аскар маънавияти бўйича қилган ишларимизнинг энг салмоқлиси шу бўлади. Ҳа, биз энг замонавий, энг қудратли қуролларга эга бўлишимиз мумкин, лекин мазкур яроқлар қандай тафаккурга, онгга ва юракка бўйсунади, асосий масала шунда.

Шу ўринда яқинда қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳақидаги қонунга ҳам тўхталиб ўтиш мантиқан тўғри бўлади. Илгари бу каби армиянинг маъно-моҳияти, мақсади ва у нимага хизмат қилиши кераклигини очиқ-ойдин акс этган меъёрий ҳужжат йўқ эди. Янги Доктринага кўра, армиямиз тезкор, ҳозиржавоб, мобил бўлиши, шу билан бирга, мослашувчан, яъни бугунги долғали даврнинг кутилмаган “об-ҳавоси”га тайёр турадиган миллий армия бўлади. “Миллий” дегани фақат бир миллатга мансуб лашкар эмас, балки Ўзбекистонни севувчи, фидойи қўшин демакдир. Доктрина хавфсизлик ва мудофаа соҳасида бошқа чет давлатлар билан манфаатимиз йўлида самарали ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий шароит яратади. Ва жуда тўғри таъкидланганидек, Доктринамиз биринчи марта халқ муҳокамасидан ўтиб, очиқ-ойдин, ошкор кўринишда қабул қилинди.

...Майдонда парад бошланди. Оркестр жанговор, кўтаринки мусиқа чалиб, кўнгилларни жумбушга келтирди. Алпомиш авлодлари, Темурбек ворислари саф-саф бўлиб шаҳдам одимлари билан ерни ларзага солиб ўта бошлади. Шу кезларда Қўнғиротда, Булунғурда, Қумқўрғону Бағдодда ҳам айни шундай сафлар ўтиб бормоқда. У ерларда ҳам болакайлар кўзида ҳайрат, аскарлар қалбида ифтихор, оналар кўзида қувонч ёшлари, бутун юртда, жонажон Ўзбекистонимизда байрам шодиёнаси. Устозлар айтганидек, тинчликда ўтган ҳар бир кун байрам, хотиржам отган тонг тараққиёт бешигидир.

Иқбол Мирзо,
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги
Жамоатчилик кенгаши раиси.

ЎзА
8 849