ЎзА Ўзбек

12.06.2019 16:44 Чоп этиш версияси

Архивчилар “Ўзархив” агентлиги бош директори билан очиқ мулоқот қилди

Архивчилар “Ўзархив” агентлиги бош директори билан очиқ мулоқот қилди

Шаҳрисабз шаҳрида Республика ёш архивчилар форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги, Қашқадарё вилоят архив иши бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 100 дан зиёд ёшлар, давлат архиви соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассислар иштирок этди.

Форум доирасида Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуасига саёҳат уюштирилди. Иштирокчилар “Мақомчилар музейи”, “Амир Темур музейи” экспонатларини катта қизиқиш билан томоша қилди. 

– Анжуманнинг айнан Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилгани бежиз эмас, – дейди ЎзЛиДеп Қашқадарё вилояти кенгаши раиси, вилоят Архив иши бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Турсунов. – Зеро, архив иши бевосита тарих билан боғлиқ. Шундай экан, мозийни эслатиб турувчи кўҳна ва бетакрор Шаҳрисабз шаҳри ёш архивчиларга ҳам маданий, ҳам маънавий озуқа беради. Форумдан кўзланган асосий мақсад эса давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бешта муҳим ташаббусни кенг тарғиб қилиш, ёш авлодда тарихни ўрганишга интилишни юксалтириш ва шу орқали уларнинг китобга қизиқишини ошириш, дунёқарашини кенгайтиришга кўмаклашишдир.

photo5474326137246165942.jpg

Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйди.

Ёш архивчилар форуми Шаҳрисабз Маданият саройи биносида ўтказилган “Билимдон архивчилар” интеллектуал мусобақаси билан давом этди. Мусобақа ғолиблари муносиб тақдирланди.

Куннинг иккинчи ярмида форум қатнашчилари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда иштирокчилар “Ўзархив” агентлиги бош директори У.Юсупов билан очиқ мулоқот қилди.

Электрон ҳужжатларни шакллантириш, жамлаш, ҳисобини юритиш, сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланишни ташкил этиш масалаларига бағишланган анжуманда ҳужжатсиз тарих, тарихсиз давлат бўлмаслиги, шу боис архив ҳужжатларини сифатли сақлаш муҳим вазифа экани таъкидланди.

Анжуман сўнггида фаол иштирок этган ёш архивчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

photo5474177020276615966.jpg

Ў.БАРОТОВ, ЎзА
1 794