ЎзА Ўзбек

14.09.2018 18:43 Чоп этиш версияси

Ҳарбий-ватанпарварлик акцияси

Ҳарбий-ватанпарварлик акцияси Термиз давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўлинмаси томонидан “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик акцияси ўтказилди.

Тадбирда Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва фаровонлигини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш баробарида, ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшмоқда.

6.jpg

– Президентимизнинг жорий йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан ҳар ҳафтанинг жумаси “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгилангани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда, – дейди подполковник Ф.Усмонхўжаев. – Шунга мувофиқ, ҳарбий қисмимизда мустаҳкам иродали, юртга содиқ, замонавий билим ва юксак ватанпарварлик туйғусига эга ёшларни тарбиялаш, уларни ҳарбий хизматни ўташга тайёрлаш, етук кадрлар захирасини шакллантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб олдик. Вилоятдаги бошқа олий ўқув юртлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва мактабларда ҳам ана шундай тадбирлар ўтказилади.

Уч босқичда ташкил этилган акция доирасида дастлаб ёшларнинг ҳарбий соҳага қизиқишни ошириш, уларда ғурур-ифтихор туйғусини юксалтиришга қаратилган маърузалар тингланди. Миллий гвардия фаолияти билан боғлиқ видеофильм намойиш этилди.

– Хорижда юрганингда Ўзбекистон деган сўзни эшитсанг, беихтиёр этинг жимирлаб кетади, – дейди Термиз давлат университети ректори, сенатор А.Тошқулов. – Бир сафар чет элда Ўзбекистон байроғи туширилган самолётни кўриб, кўзимдан ёш чиқиб кетган. Биласизми, нима учун? Чунки, бизнинг Ватанимизда тинчлик, осойишталик, тенглик ҳукмрон. Айниқса, баъзи давлатларда нотинчлик юз бераётган ҳозирги шароитда бизга бундай улуғ неъматни инъом этишда Миллий гвардиянинг ҳам алоҳида хизмати бор. Олий таълим муассасамизда 12 минг ўғил-қиз замонавий шароитларда таълим олмоқда. Бугунгидек тадбирлар эса, уларда ватанпарварлик туйғусини янада юксалтириб, ёшларни кўпроқ ўқиш, изланиш, осуда ва обод турмушнинг қадрига етишга ундайди.

9.jpg

Тадбирнинг навбатдаги босқичида талаба-ёшлар учун замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиш этилди.

– Коллежни тугатган йил тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафига қўшилганман, – дейди Термиз давлат университети тарих факультети учинчи курс талабаси Э.Қосимов. – Шу боис муддатли ҳарбий хизматда ҳам бўлганим йўқ. Бугунги тадбирда қурол-аслаҳаларни ўз қўлларимиз билан ушлаб кўрдик. Айниқса, замонавий алоқа воситалари менда катта қизиқиш уйғотди. Ўқишни тугатгач, шу соҳага ишга жойлашиб, ўз билим ва маҳоратимни синовдан ўтказиш иштиёқи пайдо бўлди. Ушбу акция бизнинг юртга меҳримизни ошириб, тинчликнинг, осойишта ҳаётнинг бебаҳо неъмат эканини янада теран англашимизга кўмаклашди.

Акция якунида Термиз гарнизони ҳарбий оркестрининг Ватан, тинчлик, мардлик ва жасоратни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
3 131