Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.02.2018 15:10 Чоп этиш версияси

Ҳарбий хизмат – йигит учун шараф!

Тошкент темир йўл вокзалида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округида муддатли ҳарбий хизмат ўтаган бир гуруҳ аскарларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳарбий хизмат ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш билан бирга, уларнинг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини ошириб, саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ҳарбий қисмларда аскарларнинг юксак жанговар ва ахлоқий-руҳий сифатларга эга бўлиш, мураккаб шароитларда тез ва тўғри йўл танлай олиш каби қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қуролли Кучларимиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган ёшлар мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига киришда тест имтиҳонларида тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округидаги ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчини ўтаб қайтган Тошкент вилоятида яшовчи Бекзод Файзуллаев шундай тавсияномани қўлга киритди.

– Муддатли ҳарбий хизмат давомида чиниқдим, дунёқарашим кенгайди. Тест ва бошқа синовлардан муваффақиятли ўтиб, қўмондонликнинг тавсияномасини қўлга киритдим, – дейди Б.Файзуллаев. – Муқаддас бурч олдида мазкур тавсиянома муҳим эмас. Асосийси, юрт тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлиги учун курашадиган муносиб қалқон бўла олишдир.

Нурилло Насриев, ЎзА
7 458