Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2017 14:39 Чоп этиш версияси

Аскар йигитлар учун ҳақиқий байрам совғаси

Аскар йигитлар учун ҳақиқий байрам совғаси Фарғона вилоятида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан "Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!" шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фарғона ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида Фарғона ва Бухоро вилоятларида ўз йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган видеомулоқот ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш мақсадида миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Мулоқотда ота-оналар ўз фарзандларининг ҳарбий ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлар ҳақида суҳбатлашди. Аскарлар ҳарбий хизматни кўнгилдагидек ўтаётгани, ҳарбий билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштириши, жисмоний чиниқиши учун яратилган шароитлар ҳақида фахр билан сўзлаб берди.

– Миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун юксак шараф ишига айланган, – дейди Фарғонадаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган бухоролик оддий аскар Шоҳруз Норбоев. – Ҳарбий хизматчиларнинг ўқиши, жисмоний чиниқиши ва маҳоратини ошириши учун барча шароит яратилган. Адиблар, олимлар ва санъаткорлар иштирокида турли учрашув ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Келажакда қайси соҳани танлашим, қандай касб-ҳунар эгаси бўлишимдан қатъи назар, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини асрашдек шарафли ишга ҳамиша тайёрман.

Видеомулоқотда Бухородаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини ўтаётган оддий аскар Забардастнинг онаси Фарғона тумани Аввал қишлоғида яшовчи Дилобар Исматова бундай деди:

– Бугун ўғлимни, у билан хизмат қилаётган ўғлонларни кўриб, янада ғурурланиб кетдим. Юрт ҳимояси чинакам мард йигитнинг иши. Ўғлим анча улғайибди, нигоҳида қатъият сезилиб турибди. Яратилган шароитлардан кўнглим янада хотиржам бўлди. Ташкилотчиларга барча оналар номидан миннатдорлик билдираман.

Тадбирда Ватан, тинчлик, ёшлик ва эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
6 406






Все о погоде - Pogoda.uz