Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 12:20 Чоп этиш версияси

Ҳаракатлар стратегияси: ёшлар ва хотин-қизлар

Бухорода Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши томонидан “Ҳаракатлар стратегияси: хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш бўйича партия олдида турган устувор вазифалар” мавзусида минтақавий семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари кенгашлари, партия Бухоро вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари “Аёллар қаноти” ҳамда “Ёшлар қаноти” етакчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ж.Ширинов ва бошқалар Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ижтимоий соҳани ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим муассасалари қулайлигини таъминлаш, таълим сифатини яхшилашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини янада юксалтириш, ташаббускорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган давлат дастурлари ижросини таъминлашда сиёсий партияларнинг роли ортиб бормоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳлари фаолиятини хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини оширишга йўналтирмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясини жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга бағишланган алоҳида боб бўлиб, унда кенг кўламли вазифалар, жумладан, ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган қатор тадбирлар белгиланган. Ёшларни олий таълимга жалб этишда ҳам имтиёзлар – етим, чин етим ва ногиронларга ўқишга киришда алоҳида давлат грантлари ажратилади, айрим йўналишлар бўйича мақсадли қабул квоталари тасдиқланади.

Семинарда Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича илгари сурилган вазифалар партия сайловолди платформасида белгиланган мақсад ҳамда вазифаларга ҳамоҳанглиги қайд этилди. Жумладан, маънавий-маърифий, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда ёшларга оид масалаларда партия кўплаб тадбирларни амалга оширади. Ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш учун янада қулай шароит яратиш, ёшлар, хотин-қизлар ўртасида ҳунармандлик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш ҳамда уларни иш билан таъминлашда давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш асосий вазифалардан этиб белгиланган.

– Кенгашимиз Ҳаракатлар стратегияси ва партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, хотин-қизлар ва ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратади, – дейди партия Бухоро вилояти кенгаши раиси С.Ҳамроев. – Бу масалани пленум ва йиғилишларимизда муҳокама қилиб борамиз. Ёшлар ва аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича жойлардаги тажрибани оммалаштириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш баробарида юқорида тилга олинган масалаларни ўрганиб, ҳудудларда учрайдиган муаммоларни бартараф этиш мақсадида вакиллик органлари доимий комиссиялари ва сессиялари муҳокамасига киритамиз. Бу борадаги фаолиятимизда жамоат назоратини таъминлашда депутатлик сўрови ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда партия гуруҳлари ташаббуси билан маҳаллий Кенгаш сессияларида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан кўтарилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Айни пайтда партия гуруҳларининг бу борадаги ишлари ҳали етарли эмаслиги, жойларда ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги, сессия қарорлари ижроси ҳамма жойда ҳам тўлиқ таъминланмаётгани таъкидланди. Бунга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фракцияси аъзоларининг ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш натижалари мисол сифатида айтиб ўтилди.

Семинарда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди платформасини амалга ошириш юзасидан партия гуруҳларининг чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Партия гуруҳларининг ёшлар ва хотин-қизлар мавқеини янада юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини жадаллаштириш, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик ҳамда парламент назорати самарадорлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 010






Все о погоде - Pogoda.uz