Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.04.2018 07:00 Чоп этиш версияси

Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси

Ўзбекистонда кечаётган бугунги ўзгаришлар мамлакат янги тарихини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Зотан, юртимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда юз бераётган улкан янгиланишлар давлатимизнинг дунё ҳамжамияти билан том маънода интеграциялашувини таъминламоқда. 
Мухтасар айтганда, бугун юртимиз дунёни ўзига чорлаяпти, ёпиқликдан очиқ прагматик сиёсат сари юзланмоқда. Бундай тутум, шубҳасиз, бугунгача мавжуд бўлган тартиб-қоидаларни ислоҳ қилиш ва уларни дунё андозаларига уйғунлаштиришни тақозо этади. Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳамкор ташкилотлар иштирокида «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси моҳиятида ҳам айнан шу муддао мужассам топган. 

Биз нималарни мақсад қилмоқдамиз? Энг аввало, Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган мутлақо янгича ижтимоий сиёсатнинг мазмун ва моҳиятини дунё жамоатчилигига етказиш, қолаверса, давлат органлари, касаба уюшмалари, Савдо-саноат палатаси ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ўзаро ҳамжиҳатлиги ва шериклиги истиқболларини белгилаб олишни режалаштирмоқдамиз. 

Мақсадга кўра, мазкур анжуман ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этишда бевосита қатнашаётган иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари ҳамда тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш, ўзаро фикр алмашишлари учун халқаро платформа вазифасини ўтайди. Бу формат шак-шубҳасиз, Ўзбекистоннинг очиқлигини, фаол, амалий ҳамкорликка, халқаро ва чет эл тажрибаларини ўрганиш асосида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича вазифаларни ҳал этишга тайёрлигини ҳам намойиш этади. 

Шуни алоҳида айтиш керакки, мазкур ғоя Халқаро Меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси (ХКК), Умумевропа касаба уюшмалари минтақавий кенгаши (УЕКУҲК), Халқаро иш берувчилар ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ва унинг ишида мазкур ташкилотлар мутасаддилари, шунингдек, ижтимоий тараққиёт, иқтисодиёт ва ҳуқуқ соҳасидаги миллий ва чет эллик экспертлар қатнашиши кутилаётир. 

Форум ўз дастурида мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишлар, таълим, ижтимоий инфратузилма, арзон уй-жойлар, иш жойларидаги меҳнат шароитлари, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчи ҳамкорлиги борасида аниқ тасаввурга эга бўлишлари учун иштирокчиларнинг бевосита жойларга сафар уюштирилишини ҳам кўзда тутган. Қолаверса, анжуманда ялпи мажлислардан ташқари, аҳолининг реал даромадлари ва бандлигини изчил ошириш орқали фаол ижтимоий ҳимоя, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва соғлиғини муҳофаза қилиш йўналишидаги давлат тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланишини таъминловчи арзон уй-жойлар қурилиши, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим ва фан соҳасини ривожлантириш истиқболлари, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш каби йўналишлар бўйича мунозаралари ҳам режалаштирилган. 

Дастурда, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти Бюроси (ACTRAV) шафелигида Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари етакчилари учрашуви ҳам ўтказилади. 
Келинг, шу ўринда учинчи минг йилликка келиб глобал дунёда касаба уюшмаларининг оддий инсонлар ҳаётидаги ўрни, унинг мақсад ҳамда вазифалари айнан нималарда устувор даражада намоён бўлаётганига эътибор қаратайлик. 

Энг аввало, бу — тўлиқ ва маҳсулдор бандликни таъминлаш, меҳнатга муносиб ҳақ тўланишига, ижтимоий ҳимоя ва мулоқотга эришиш, қашшоқликни йўқотиш, инсон ҳуқуқлари ва касаба уюшмалари эркинлигини кафолатлаш, меҳнат муносабатларидаги ҳар қандай камситишларни бартараф этиш, аёллар ва эркаклар тенглигини таъминлаш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай чек қўйишга эришиш ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя­лаш каби вазифалардан иборатдир. 

Афсуски, бугун глобал меҳнат бозори бу мақсадларга эришиш йўлида янгидан-янги тўсиқларга учрамоқда ва таъбир жоиз бўлса, улар ижтимоий-меҳнат соҳасининг замонавий қурилмаси пойдеворини нуратмоқда. 

Энг асосий муаммолар нималарда кўринади? Биринчи муаммо норасмий бандликнинг ўсиши, норасмий секторнинг ривожланиши ва кенгайиши бўлиб, у солиқ тўловларидан тушадиган даромадларнинг камайишига, расмий сектордаги рақобатбардошликнинг пасайишига, энг ёмони, ижтимоий дастурларнинг қисқартирилиши ва етарлича молиялаштирилмаслигига олиб келмоқда. 

Иккинчи муаммо масофавий ва ижара тариқасидаги меҳнат, аутсорсинг ва аутстаффинг каби меҳнат моҳиятини тубдан янгиловчи форматнинг пайдо бўлиши билан боғлиқдир. Бу эса, ўз-ўзидан, меҳнат муносабатлари соҳасининг шакл-шамойилини кескин ўзгартириб, ижтимоий ҳимояни жуда паст даражага олиб келувчи ностандарт бандлик шаклларида намоён бўлмоқда. 

Учинчи глобал муаммо рақамли технологияларнинг ижтимоий ҳаётда тобора фаол қўлланилаётганига бориб тақалади. Эътибор беринг, ахборот-коммуникация технологияларининг тезкор ривожланиши ҳисобига яқин 25 йилда сайёрамиз миқёсида иш жойларининг 47 фоизга қисқариши тахмин қилинмоқда. Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин 15 йилдан сўнг, дейлик, бухгалтерия, соғлиқни сақлаш, адвокатура, олий таълим ва халқ таълими соҳаларидаги мавжуд мансабдор хизматчилар ўринларига деярли эҳтиёж қолмайди... Демакки, бугунги долғали замон бизнинг олдимизга асоси бундан 100 йил аввал яратилган ижтимоий ҳимоянинг классик тизимларини қайта шакллантиришни тақозо этаётир. 

Халқаро миқёсда ижтимоий ҳимоя энг кам даражасининг тан олинган 9 тури мавжуд бўлиб, булар тиббий хизмат, ишсизлик бўйича нафақа, бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги бўйича етказилган зарарни қоплаш бўйича нафақа, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, боқувчисини йўқотиши муносабати бўйича нафақа, касаллик бўйича нафақа, қарилик бўйича пенсия, оилавий нафақа, ногиронлик бўйича нафақаларни ўз ичига олади. Эътиборли жиҳати, ушбу хизматларнинг 5 тури тўлиқ, 2 тури эса қисман ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олинган ходимнинг ҳиссасига тўғри келади. Бироқ афсуски, бугунга келиб ижтимоий суғурталанган ходимлар сони борган сари камайиб кетаяпти. 

ХМТ маълумотларига кўра, айни пайтда дунё аҳолисининг 55 фоизи ижтимоий ҳимоядан маҳрум бўлса, атиги 29 фоизи комплекс ижтимоий таъминотдан фойдаланиш имкониятига эга. Пенсия ёшидаги кексаларнинг 68 фоизи қарилик пенсиясини олишади. Бу эса кўплаб мамлакатларда ҳам жамғариб бориладиган, ҳам суғуртали пенсия таъминотининг етарлича ривожланмаганлигини кўрсатади. Яна бир оғир муаммо — тараққий топган йигирма биринчи асрда ҳам, афсуски, инсонларнинг соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқи дунёнинг кўпгина минтақаларида ҳали реал ҳақиқатга айланмади. Бу, айниқса, аҳолининг 56 фоизи мазкур имтиёздан маҳрум бўлган қишлоқ жойларига тааллуқлидир. 

Демак, бу борада муҳокама қилиниши лозим бўлган мавзулар етарли. 

Яқинда ХМТ жаҳон ҳамжамиятига бугунгача амалиётда бўлмаган — хусусий беғараз ёрдамни энг кам даражадаги ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун йўналтириш ҳақидаги чақириқ билан мурожаат қилди. Ва бу билан у ўз тажрибасида жисмоний шахс корхона ва жамғармаларининг беғараз ёрдамларидан ижтимоий ҳимоя мақсадида фойдаланиш мумкинлигини эътироф этди. 

Ўзбекистонда бу борада етарли тажриба тўпланган, ижтимоий ҳимоя соҳасида айнан давлат ва хусусий шерикчилик алоқалари йўлга қўйилган. Хусусан, ресурсларни фуқаролар ўртасида мақсадли қайта тақсимлаш, ижтимоий сиёсат тизимида эса ижтимоий таъминот, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий ёрдам марказий ўрин эгаллайди. 

Мамлакатимизда давлат бюджети харажатларининг 60 фоизи ижтимоий-маданий соҳага: таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоялашга йўналтирилади. Зеро, миллий қадриятларга таяниш, ўзаро ёрдам ва аҳолини қўллаб-қувватлашнинг жамоавий шакллари халқимизнинг бу борадаги ўзига хос қадриятларидан биридир. Хусусан, маҳалла институти мазкур йўналишда алоҳида ўрин тутади. 

Бугун юртимизда инсон омили олий қадрият даражасига кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Одамлар эртага эмас, бугун бахт­­ли яшашни истайдилар», деган тамойилни илгари суриши ва буни бугунги сиёсатимизнинг устувор йўналишига айлантиришида ҳам айнан шу мазмун-моҳият мужассамдир. Мазкур принцип ижроси ўлароқ, мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсат одамлар ҳаётига янгича мазмун бахш этмоқда. Хусусан, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ жойларда янгиланган намунали лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурнинг қабул қилингани одамлар қалбида яшаш ва ишлашга бўлган қарашларни ўзгартириб юборди. Дастурга кўра, 2017 йилда шаҳар ва қишлоқларда умумий майдони 3,5 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган намунали ва кўп қаватли уйлар бунёд этилди. 

2017 — 2020 йилларда шаҳарларда 945 та кўп қаватли тураржой қурилиши бўйича дастур қабул қилинган. Кам таъминланган оилалар учун Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ва йирик шаҳарларда 50 минг­­га яқин квартирали, арзон, кўп қаватли уйлар барпо қилинади. Хусусан, 2017 йилда худди шундай кўпквартирали, умумий майдони 800 минг квадрат ­метрдан ортиқ бўлган уйлар қурилиб, аҳолига топширилди. Фақатгина Тошкент шаҳрининг ўзида 420 минг квадрат метрли уй-жой фойдаланишга топширилгани бошланган ишларнинг кўламини кўрсатади, албатта. Бироқ аҳоли фаровонлигини таъминлаш фақат уй-жой масаласи билан боғлиқ, десак нотўғри бўлади. Негаки, узоқ йиллар давомида айнан ижтимоий соҳада ўнлаб муаммолар йиғилиб келдики, оқибатда у одамларимизнинг нормал ҳаёт кечиришларига монелик қилди.

Бугун, айниқса, қишлоқ аҳоли пунктларида водопровод тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастурини амалга ошириш долзарб муаммолардан бири бўлиб турибди. Бугун махсус дастур доирасида 9 минг километр водопровод тармоқлари, 1400 қудуқ ва 3600 сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилаяпти. Бу Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги 3,2 миллион аҳолини қўшимча тоза ичимлик сув билан таъминлаб, мамлакат бўйича аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш кўрсаткичини 67 фоиздан 84 фоизгача кўтариш имконини беради. 

Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун мамлакатимизда Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги ташкил этилди ва Молия вазирлиги қошида махсус «Тоза сув» фонди фаолияти йўлга қўйилди. 

Ёки йиллар давомида одамларни қийнаб келган яна бир муаммо — йўллар муаммосини олайлик. Бу ҳам давлатимиз назоратига олинди. Айни вақтда юртимизда минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўл ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаларини янада ривожлантириш дастури асосида 1,7 минг километр умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, 10,4 минг километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳар, туман марказлари, шаҳар типидаги қўрғончалар, қишлоқ аҳоли пунктларидаги кўчалар йўл қопламаларини капитал ва жорий таъмирлаш ишлари рўёбга чиқарилаяпти. 

Шаҳар ва қишлоқларимизда транспорт хизматини янада яхшилаш дастури асосида яқин давр ичида 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади. Бу эса йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлашда айни муддаодир. Қолаверса, 3 мингта янги замонавий автобус, 5,7 минг микроавтобус сотиб олинди. Шунга яраша 300 дан ортиқ янги автобус йўналишлари очилади. 

Ҳаво ва темир йўллари қатновлари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Тошкент халқаро аэропортининг янги терминали яратилиши билан бир қаторда темир йўл линиялари қурилиши ва электрлаштирилиши амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари «бизнинг энг олий мақсадимиз одамларимизни рози қилиш» дея такрор ва такрор таъкидлаб келмоқда. Халқона ва самимий айтилган бу сўз, аслида, мамлакат ижтимоий сиёсатини белгилаб беради. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ўтган бир йилдан зиёд вақт ичида юртимизда қандай оламшумул воқеалар юз берди. Тарихий ўзгаришлар шарофати билан давлат халққа яқинлашди, у энди халқ учун ишлай бошлади. Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фаолияти бугун наинки халқимиз, балки халқаро ҳамжамият эътирофига ҳам сабаб бўлмоқда. Мамлакатимизда таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий секторнинг шу каби бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, халқимиз дилидаги орзу-истаклар рўёбига хизмат қилаётир. Юртимизда Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши айтиш мумкинки, миллий давлатчилигимиз тарихида туб бурилиш ясади. Зотан, бу йўл билан халқимиз ўз келажаги пойдеворини янада мустаҳкам бўлишини таъминлади. Олий ва ўрта таълим тизими ҳам ислоҳ этилмоқдаки, бу ривожланган дунё давлатлари билан бўйлашишимиз, дунё саҳнасида муносиб ўринга эга бўлишимизга замин яратади. 

Албатта, бу каби янгиланишлар бугун барча соҳа-ю тармоқларда юз кўрсатмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам ўз фаолиятини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат ­дастури доирасида ташкил этиб, аҳоли фаровонлиги йўлида изчил ишларни олиб бораяпти. 

Албатта, бу борада дунё тажрибаси ҳам муҳим ўрин тутади. Бинобарин, давлат дастурига биноан миллий менталитетимизга мос келувчи илғор хорижий тажрибаларни қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйиш ва аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромад даражасини аниқлаш, «истеъмол савати» тушунчасини ҳаётимизга амалий қўллаш механизмларини яратиш лозим бўлади. 

Шунингдек, дастурга кўра, аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, стипендия, пенсия ва ижтимоий нафақаларни босқичма-босқич кўтариш, ички бозорда истеъмол товарлари ва хизматлар нархларининг кескин ошишига йўл қўймаслик ­бўйича амалий чоралар кўрилади. 

Меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган мутахассисларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, айни вақтда ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишга кенгроқ жалб этиш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради. 

Шуларга муштарак равишда касаба уюшмаларининг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги вазифа ва юмушлари касаба уюшмалари Федерациясининг дастурий ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Унга кўра, касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар учун ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги фаолияти қуйидагиларга йўналтирилмоқда: 

қонун ҳужжатларида аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлар, имконияти чекланган болалар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш, бандликнинг ноанъанавий шаклларида машғул кишилар (норасмий секторда машғул, вақтинча ва мавсумий ходимлар ва бошқалар) ҳамда уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясига қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, пенсионерлар, ногиронлар, балоғатга етмаганлар, ёлғиз кексалар ва юқори даражадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларини ижтимоий ҳимоялаш, «Корпоратив ижтимоий масъулият» ва «Ижтимоий масъул корхона» концепциясини ишлаб чиқиш ва уни кенг қўллаш. 

Ушбу вазифаларни амалга ошириш жараёнида кам таъминланган оилалар, кўп болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларини жамоа шартномалари ва келишувлари орқали моддий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари қабул қилинади. 

Чунончи, 2017 йилнинг ўзида касаба уюшмалари томонидан 3073 нафар меҳнат фахрийси ва кексанинг республикамиздаги тарихий шаҳарлар ҳамда диққатга сазовор жойлари бўйлаб экскурсияси ташкил этилган бўлса, 592 нафар ёлғиз кекса ва ногироннинг коммунал тўловлари қоплаб берилди. Давлат байрамлари муносабати билан «Мурувват» ва «Саховат» уйларида маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиб, у ердагиларга 136,4 миллион сўмлик маиший техника, кийим-кечаклар, гигиеник воситалар берилди. 

Айни чоғда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 110 минг нафар кекса авлод вакили иш берувчилар ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 41,9 миллиард сўм миқдорида моддий қўллаб-қувватланди. 

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2366 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилди, 7385 нафар ишловчи пенсионер ва касаба уюшма аъзосининг ота-оналари эса имтиёзли асосда, шунинг­дек, 344 нафар ишловчи пенсионерга бепул соғлиқларини тиклаш учун имконият яратиб берилди. 

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номланган 2017 йилда касаба уюшмалари мутасаддилари барча нодавлат ва нотижорат ташкилотлар вакиллари билан бирга Қорақалпоғис­тон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари бўйлаб 2 миллион 160 минг хонадонга ташриф буюриб, оддий одамлар ҳаётини ўрганишди. Уларда аҳолини қийнаётган қарийб 650 мингта муаммо аниқланиб, 556,5 мингта муаммони ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ҳамда йил мобайнида уларнинг ижроси назоратга олинди. 

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия акцияси доирасида шу йилнинг апрель-май ойларида 3280 боланинг суннат тўйлари ва 616 ёш оиланинг никоҳ тўйлари ўтказилди. 

Касаба уюшмалари Федерацияси 2017-2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор манзилли дастурлар ижросини ҳам мувофиқлаштирмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари Ишчи гуруҳлари томонидан шакллантирилган рўйхатлар асосида ҳунармандчилик, тадбиркорлик йўналишларини очиш, шахсий томорқа участкасини, шунингдек, чорва моллари ёки парранда харид қилиш, йўналишлари бўйича ўз оиласининг иқтисодини тиклаш истагини билдирган минглаб кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредитлар олиб берилди. Юзлаб ночор оилаларнинг уй-жойи таъмирланди, минглаб хонадонларга маиший техника олиб берилди. Шундай оилаларнинг аъзолари бўлган юзлаб оғир хаста бўлган беморларга моддий кўмак берилди. Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. 

Касаба уюшмалари Федерацияси аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашдек ўта масъулиятли ва жиддий вазифани ҳам мувофиқлаштирмоқда. Бугунгача мамлакатнинг чекка туман ва қишлоқларида 2000 дан ортиқ ижтимоий аптека ишга туширилиб, олис ҳудудларда яшовчи минглаб инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга бош бўлинди. 

Кўриниб турибдики, Федерация фаолияти бугун биргина иш берувчи ва ишчининг муносабатлари билангина чекланиб қолаётгани йўқ. Айтиш жоиз бўлса, инсон манфаатлари, унинг яшаш, меҳнат қилиш борасидаги ҳуқуқларини таъминлашнинг кўп қиррали жиҳатларида касаба уюшмалари бевосита иштирокчи, ўз сўзи ва ўрнига эга ташкилотга айланиб улгурди. Шу маънода, тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ўзи тўплаган ва халққа, кенг жамоатчиликка манзур ва маъқул бўлаётган тажрибасини дунё жамоатчилиги эътиборига етказиши, бу борадаги жаҳон ҳамжамияти эътибори ва диққат марказидаги муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг ечими бўйича тажрибаларни ўртоқлашишга тайёр. 

Бинобарин, бўлиб ўтилиши кутилаётган анжуманнинг биз учун алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиз. Биз унда иштирокчилар эътиборига ­қуйидаги таклиф ва мулоҳазалар билан ҳам мурожаат қилмоқчимиз: 

меҳнат ва ижтимоий муносабатларни алоҳида-алоҳида тартибга солишга йўналтирилган меҳнат қонунчилигини янада такомиллаштириш; 

меҳнат соҳасидаги асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқларни 40 соатлик иш ҳафтаси, йиллик ҳақ тўланадиган таътил, оналикни муҳофаза қилиш ва мигрант меҳнаткашларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоялашни киритиш билан кенгайтириш; 

трансмиллий корпорациялар ходимларига бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш тамойилига риоя қилиш; 

меҳнатни илмий асосланган меъёрлаштиришни қайта тиклаш; 

ХМТ ваколатини инобатга олиб, меҳнат соҳасини бошқаришда бошқа халқаро институтлар ролини қайта кўриб чиқиш, ХМТ доирасида назорат механизми ва техник ҳамкорлик имкониятларидан янада самарали фойдаланиш; 

барча учун бутун умри мобайнида («бир умрлик таълим») касб таълимига эга бўлишни соддалаштириш; 

меҳнат соҳасини бошқаришда давлат органлари, касаба уюшмалари ва уч томонлама институтлар ҳаракат соҳасини аниқ чегаралаш; 

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартлари, иш вақти ва дам олиш вақти меъёрларини қатъий назорат қилиш; 

меҳнат шартномаларини дигитализация қилишни жорий этиш; 

ижтимоий ҳимояни ноанъанавий бандликнинг барча шаклларига кенг ёйиш; 

касаба уюшмалари ва иш берувчилар уюшмаларининг уч томонлама тузилмалардаги қонуний вакиллиги муаммосини ҳал этиш мақсадида меҳнат соҳасини бошқариш борасида ижтимоий шерик­ларнинг роли ва ўрнини қайта кўриб чиқиш. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш бугунги замонавий ­дунёнинг энг инсонпарвар қадриятларидан бирига айланди. Оддий одамлар орзу-истаклари, дард-у ташвишларини ўзида жамлаган бу эзгу қадрият янгиланаётган мамлакатимиз сиёсати билан ҳамоҳанг эканлиги ҳар биримизни қувонтиради, албатта. 

Қудратилла Рафиков, 
Ўзбекистон касаба уюшмалари 
Федерацияси раиси

(манба «Ishonch» газетаси)


9 274