ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Ҳар йили дунёда 136 мингдан зиёд беморда инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилади

Ҳар йили дунёда 136 мингдан зиёд беморда инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилади

Пойтахтимизда Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамияти ва Туркия трансплантологлари ҳамжамиятининг учинчи ҳамкорликдаги конгресси ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари, шифокорлари АҚШ, Канада, Швейцария, Австралия, Буюк Британия, Туркия, Испания, Иордания, Миср, Бангладеш, Эрон, Покистон, Кувайт, Қатар, Уммон Султонлиги, Сурия, Покистон, Ливан, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан 120 дан зиёд етакчи мутахассислар иштирок этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Жаҳон трансплантологлари жамияти президенти Мехмет Хаберал ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг трансплантология бўйича координатори Хосе Нуньес-Пенья ва бошқалар таъкидланганидек замонавий тиббиётда трансплантология, яъни инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш амалиёти жорий этилиши инсон саломатлигига оғир асорат етказувчи бир қатор хасталикларни даволашда катта имкониятлар яратмоқда. Ҳар йили дунёда 136 мингдан зиёд беморда ана шундай трансплантология амалиёти бажарилади.

Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам тиббиётнинг бундай замонавий ютуқларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида яқин қариндошлардан беморларга жигар ва буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти самарали амалга оширилаяпти. Ҳозиргача биргина буйрак трансплантологияси амалиёти икки юздан кўпроқ беморда ўтказилди. Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бундай янги технологияларни жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Тиббиётимизнинг бундай ютуқларини ҳудудлардаги шифо масканларига татбиқ этиш ҳам эътиборда. Жорий йил Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилгани бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Жойларда маҳаллий шифокорлар иштирокида маҳорат дарслари ҳам ташкил этилмоқда.

Замонавий тиббиётнинг бундай муҳим ютуқларини тиббиёт амалиётига чуқур татбиқ этишда халқаро алоқаларнинг ўрни беқиёс. Бу борада олимларимизнинг Туркиянинг Анқара шаҳридаги Башкент университети билан ҳамкорлиги яхши самара бермоқда. Туркиялик олимлар ва мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари ҳамкорликда шифокорлар иштирокида ушбу йўналишда доимий маҳорат дарслари ташкил этмоқда. Бир гуруҳ мутахассисларимиз хорижда малака ошириб қайтди. Мамлакатимиз олимлари Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамиятига аъзо бўлган.

Трансплантология соҳасида бундай ютуқлар билан бирга ҳали ечимини кутаётган вазифалар ҳам талайгина. Бутун дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам бундай замонавий тиббий ёрдамга муҳтожлар сони йил сайин кўпаймоқда. Ушбу беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун илм-фан ва инновациялар ютуқларини тиббиёт амалиётига изчил татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.

Трансплантологиянинг долзарб масалаларига бағишланган икки кунлик конгрессда Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамияти ва Туркия трансплантологлари ҳамжамиятининг учинчи ҳамкорликдаги конгресси бу борада муҳим тадбирлардан бири бўлиб, унда трансплантология соҳасида жаҳон илм-фани ва тиббиётда эришилаётган муҳим ихтиролар, илмий-амалий янгиликлар юзасидан тажриба алмашилмоқда. Соҳа олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинмоқда.

4-faqat saytga.jpg

18.jpg

20.jpg

6.jpg

943
Моҳигул ҚОСИМОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ, ЎзА