Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 19:52 Чоп этиш версияси

Ҳар бир мурожаат эътиборда

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган аҳоли билан очиқ мулоқотлар инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда юксак самаралар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Нукус шаҳридаги Халқ қабулхонасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов томонидан ўтказилган қабул чоғида 30 дан зиёд фуқаронинг мурожаати тингланди.

Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, ер участкаси ажратиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, пенсия, болалар нафақаси, суд-ҳуқуқ тизими, банкдан кредит олиш масалаларига оид бўлиб, уларнинг аксарияти шу ерда ҳал этилди.

Нукуслик Темур Хўжамуратов аҳолига кўрсатаётган тиббий хизмат доирасини янада кенгайтириш мақсадида ер участкаси олиб, хусусий клиника қуришга қарор қилган эди. Шу ниятда шаҳар марказидан ер участкаси ажратишларини сўраб, турли идоралар эшигини қоқди. Иш ижобий ҳал этилавермагач, Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлди.

– Аризам атрофлича ўрганилиб, клиника қурилиши учун ер участкаси ажратиб бериладиган бўлди, – дейди Т.Хўжамуратов. – Президентимиз ташаббуси билан одамларнинг дардини тинглаш, уларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини жойида ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлардан халқимизнинг кўнгли тоғдек кўтарилмоқда.

Қабул давомида Қорақалпоғистон Республикасидаги вазирликлар, идоралар, тегишли ташкилотлар раҳбарларига аҳоли билан доимий мулоқот олиб бориш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
2 545






Все о погоде - Pogoda.uz