Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 19:59 Чоп этиш версияси

Ҳар бир мурожаат эътибор ва назоратда

Мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг янги самарали усул ва шаклларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар бу фикрнинг амалдаги инъикоси бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари томонидан пойтахт туманларида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида 6 апрель куни Тошкент шаҳрининг Бектемир, Миробод, Яшнобод туманлари аҳолисидан Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Тошкент шаҳар, Бектемир, Миробод ва Яшнобод туманлари ҳокимликлари масъул ходимлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатлари кўриб чиқилди.

Тадбирда ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаслиги, уларнинг ижросини таъминлашга давлат идоралари раҳбарлари шахсан жавобгар экани таъкидланди.

Жорий йилнинг 5 апрель кунига қадар давлатимиз раҳбарининг Виртуал қабулхонасига Бектемир, Миробод ва Яшнобод туманлари аҳолисидан 27 минг 700 га яқин мурожаат тушган. Уларнинг қарийб 89 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода.

Мурожаатларни ўрганиш фуқароларнинг асосий қисмини (қарийб 20 фоизи) уй-жой қуриш, ер ажратиш ва таъмирлашга оид масалалар ташвишга солаётганини кўрсатди. Яшнобод туманининг Уйсозлар маҳалласида истиқомат қилаётган Сайфулло Ботиров ҳам шундай арз билан келганлардан бири.

– Оиламиз катта, – дейди С.Ботиров. – Ота-онам, мен оилам, бунинг устига укамни ҳам уйлантириш тараддудидамиз. Лекин икки хонали квартирада шунча одам қандай қилиб яшаши мумкин?! Шу боис сайёр қабулга келиб, арзимни баён қилдим. Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъуллари мурожаатимни кўриб чиқиб, Сергели туманида қурилаётган арзон уй-жойга ариза беришни таклиф этди. Уйлар ипотека кредити асосида тақдим этилиши менга жуда манзур бўлди.

Институт биносининг сайёр қабул учун ажратилган хоналари гавжум. Энг муҳими, одамларни кўпдан бери ўйлантириб келаётган муаммолар шу жойнинг ўзида ҳал этилмоқда, таклиф ва тавсиялар берилмоқда. Бектемирлик Хайринисо Алюшина наинки ўзи учун, балки маҳалла-кўй учун ҳам долзарб масалага ечим излаб келганлардан бири.

– Маҳалламизда уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди Хайринисо ая. – Иккита мактаб, иккита боғча фаолият кўрсатади. Лекин маҳалла марказидаги чорраҳа тартибга солинмагани оқибатида ҳайдовчилар ҳам, пиёдалар ҳам ҳаракатланишда қийналади. Шунинг учун ушбу чорраҳага светофор ўрнатишларини сўраб мурожаат этгандим, туман ички ишлар идораси мутасаддилари уни қаноатлантиришга ваъда берди.

– Мурожаатлар таҳлили асосида қайси соҳаларда ечимини кутаётган муаммолар борлиги аён бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бектемир туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Зуфар Маҳмудов. – Президентимизнинг Бектемир туманидаги Халқ қабулхонасига шу кунга қадар аҳолидан 2 минг 860 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Туман ҳокимлигида ўтказилаётган йиғилишларда уларни ҳал этиш масаласига эътибор кучайтирилмоқда. Шу билан бирга, бу муаммоларни юзага келтираётган сабабларни ҳам ўрганмоқдамиз. Бугунги сайёр қабул давомида турли соҳалар мутахассислари томонидан одамларни ўйлантираётган долзарб мавзулар юзасидан аҳолига тушунтиришлар берилди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
4 344






Все о погоде - Pogoda.uz