Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 11:41 Чоп этиш версияси

Аниқ вазифалар белгилаб олинди

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси марказий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев ва бошқалар мазкур фармон халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олингани, унда яқин беш йилликда мамлакатимизни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг механизмлари аниқ белгилаб берилганини таъкидлади.

Йиғилишда мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаёт, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантиришда аҳоли фаоллигини ошириш йўлида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу ислоҳотлар жараёнида сиёсий партиялар, жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий, айниқса, сайлов жараёнларидаги фаоллигини ошириш, уларнинг иродаси ва фикрини ифода этиш, марказ ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини шакллантиришдаги иштирокини кенгайтиришнинг муҳим воситасига айланди.

Президентимизнинг ушбу фармони давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг миқёсли ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Ҳаракатлар стратегиясига давлатимиз раҳбари томонидан сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилгани партия фаоллари ва депутатлик корпусига алоҳида масъулият юклаши қайд этилди.

Йиғилишда Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши партия ва унинг депутатлик корпуси, ҳудудий ташкилотлари, партия фаоллари олдида турган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида пухта ўрганилиб, таҳлил қилинди.

– Бугунги йиғилишда партиямиз электорати манфаатлари, тадбиркорлар ва фермерлар билан жойларда ўтказилган учрашувларнинг натижаларидан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Каримов. – Тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий қилиш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этишни қамраб оладиган вазифалар кўриб чиқилди.

Партиянинг 2017 йилга мўлжалланган ҳаракат дастури атрофлича муҳокама қилинди. Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
2 930






Все о погоде - Pogoda.uz