ЎзА Ўзбек

16.05.2019 15:46 Чоп этиш версияси

Ангрендаги мудҳиш қотиллик сабаблари ойдинлашмоқда

Ангрендаги мудҳиш қотиллик сабаблари ойдинлашмоқда


Ўтаётган ҳафта бошида Ангрен шаҳрида мактаб ўқувчиси томонидан содир этилган мудҳиш қотиллик ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан мазкур жиноят ишига оид дастлабки маълумот тақдим этилди. Хабарда қайд этилишича, жорий йил 13 май куни соат 15:00ларда Ангрен шаҳрида яшовчи, 1957 йилда туғилган фуқаро Б.Снинг жасади баданида кўплаб ўткир тиғли жисм билан етказилган тан жароҳатлари билан хонадони ошхонасидан топилган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Ангрен шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган, 10-синф ўқувчиси Ж.М. томонидан содир этилганлиги аниқланди.

Дастлабки суриштирувларда аниқланишича, 13 май куни соат тахминан 07:00 ларда вояга етмаган Ж.М. бувиси Р.Н.нинг туғилган кунига тилла тақинчоқ сотиб олиш мақсадида тилла тақинчоқлар савдоси билан шуғулланувчи фуқаро Б.С.нинг хонадонига боради. У ерда тилла тақинчоқ танлайди, бироқ сотиб олиш учун пули етмайди. Шу боис Б.С билан тақинчоқни эртаси куни олиб кетишга келишиб олади.

Лекин, шу куни Ж.М тилла тақинчоқ учун пул топа олмайди. Мақсадига етиш учун ўз хонадонидан тоғаси Р.Ж.га тегишли жамланадиган пичоқни ўзи билан олиб, 13:00 лар атрофида Б.С.нинг хонадонига келади. Ўзаро суҳбат давомида Ж.М. тилла тақинчоқларни Б.С.дан қарзга олиб кета олмаслиги англагач, ўзи билан олиб келган пичоқ ёрдамида унга ташланиб, бир неча маротаба танасининг турли қисмига зарба беради. Ушбу ҳолатга Б.С.нинг набираси, 2011 йилда туғилган А.С. гувоҳ бўлиб қолади. 

Ж.М. ҳеч нарсага парво қилмай ўз ҳаракатларини давом эттираётган вақтда хонадон ичкарисига Б.С.нинг таниши – 1980 йилда туғилган Т.Т кириб қолганлиги сабабли ўз ҳаракатларини тўхтатади. Шундан сўнг Ж.М. ўзининг жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида тилла тақинчоқлар, пичоқ ва қонга беланган кийимларини ўзининг мактаб сумкасига жойлаб, Б.С.нинг қизига тегишли кўйлакни кийиб, ушбу хонадоннинг деразасидан сумкасини ташлаб, ўзи ҳодиса жойидан яширинишга уринган вақтда ИИБ ходимлари томонидан ушланади. 

Ҳолат юзасидан Ж.М.нинг сумкаси, унга тегишли бир дона кофта ва юбка, хонадондан ўғирланган 17 жуфт тилла сирға, 17 дона тилла узук, икки дона тилла занжир, унинг энгида бўлган Б.С.нинг қизига тегишли бир дона жигар рангли кўйлак, шунингдек, жамланма пичоқ ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади бошқарма маълумотида.


А.ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА​​
5 252