ЎзА Ўзбек

16.01.2019 Чоп этиш версияси

Андижонда Шарда университети филиали очилади

Андижонда Шарда университети филиали очилади Айни кунларда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раҳбарлигидаги Андижон вилоят делегацияси Ҳиндистон давлатида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Вилоят делегациясининг сафардан кўзланган асосий мақсади,Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари, тадбиркорлари билан мулоқот ўтказиб, ҳамкорлик юзасидан келишувларга эришиш, мамлакатимизга инвестиция жалб этишдир.

Маълумки бир неча ой аввал Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида жойлашган Шарда университети президенти, профессор Прадип Кумар Гупта раҳбарлигидаги ҳиндистонлик мутахассислар Андижон давлат тиббиёт институтида бўлиб, ҳар икки олий ўқув юрти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида қўшма клиника ҳамда Андижонда Шарда университетининг филиалини ташкил этишга келишилган эди.

Вилоят делегациясининг Ҳиндистондаги сафари доирасида мазкур олий ўқув юрти билан ҳамкорлик меморандиуми имзоланди. Унга кўра, Андижонда ушбу нуфузли университетнинг филиалини ташкил этиш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиладиган бўлди.

Шарда университети Ҳиндистондаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда университетда дунёнинг 60 яқин мамлакатидан 20 минг нафардан зиёд талаба тиббиёт, санъатшунослик, муҳандислик, қурилиш ва архитектура, менежмент ва бошқарув сингари қатор йўналишларда таҳсил олади.

3 431
Ф. Убайдуллаев, ЎзА