Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 18:45 Чоп этиш версияси

Андижонда китоб ярмаркаси ташкил этилди

Андижонда китоб ярмаркаси ташкил этилди Андижон шаҳридаги “Баркамол авлод” вилоят болалар ижодиёти марказида “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида китоб ярмаркаси ўтказилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, "Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуаси ҳамда “Ўздавкитобсавдотаъминот” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар фаол иштирок этаётир.

Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида миллий адабиётимизни ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг бой меросини асраб-авайлаш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор халқимиз тафаккурини юксалтириш, ёш авлодни билимли, соғлом фикрли, маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

– Инсоннинг онг ва тафаккурини чархлаш, маънавий оламини бойитиш, эзгуликни тарғиб этишда китобнинг ўрни беқиёсдир, – дейди "Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуаси директори Шуҳратбек Охунжонов. – Ушбу тадбир давлатимиз томонидан адабиётни, китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва эришилаётган натижаларни кенг жамоатчиликка намойиш этиш, халқимиз, жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни жонлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Китоб савдоси ярмаркасида аҳолига деярли барча мавзуларни қамраб олган 70 минг нусхадан ортиқ китоб тақдим этилмоқда.

Илмий-оммабоп, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, болалар ва ўсмирларга мўлжалланган китоблар ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Китоб савдоси ярмаркасига ўқувчиларим билан бирга келдим, – дейди Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Умида Сотволдиева. – Бу ерда ранг-баранг мавзулардаги китоблар билан танишдик ва улардан харид қилдик.

– Турли йўналиш ва мавзуларда тақдим этилаётган китоблар ўзининг сифати, нархининг арзонлиги билан эътиборимни тортди, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти талабаси Зуҳриддин Шодмонов. – Қолаверса, ярмаркада анчадан буён қидириб юрган китобларимни топдим.

Ярмаркада савдолар нақд пул, пластик карточка ҳамда пул ўтказиш йўли орқали амалга оширилаётганлиги харидорларга манзур бўлмоқда.

Китоб ярмаркаси ҳафта охирига қадар давом этади.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
4 751






Все о погоде - Pogoda.uz