Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 12:28 Чоп этиш версияси

Андижонда эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйлари ўтказилди

Андижонда эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйлари ўтказилди Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлардан аҳоли мамнун.

Андижон шаҳридаги муҳташам “Тошкент премиум” тўйхонасида ўтказилган 7 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйида бу яна бир бор ўз ифдоасини топди.

Халқимизга хос азалий қадриятларни улуғлаш, хайрли ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган никоҳ тўйида келин-куёвларнинг қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Келин-куёвлар карнай-сурнайлар садолари остида кутиб олинди.

– Президентимиз раҳнамолигида бошланган ушбу тадбирлар ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариб, ҳаётига ўзгача файз ва мазмун киритмоқда, – дейди меҳнат фахрийси Маҳбубахон Музаффарова. – Келин-куёвлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари юзидаги қувонч, мамнунлик, ҳаётдан бахтиёрликни кўриб, шундай юртда яшаётганингдан беихтиёр ғурурланиб кетасан киши. Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин, бошимиз тўйлардан чиқмасин.

Ёш оилаларга Президент совғаси – замонавий ётоқхона мебеллар тўплами, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди, никоҳ узуги, тўй сарполари туҳфа этилди.

– Фарзандим Жамолиддиннинг никоҳ тўйини ўтказдик, – дейди Булоқбоши туманидаги "Нур замин" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иқлимхон Ҳайитова. – Президентимиз раҳнамолигида кам таъминланган оилалар, уларнинг фарзандларига кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликдан жуда хурсандмиз. Хайрли ишларнинг ташаббускори ва унинг бошида турганлар барчаси омон бўлсин.

Шу куни Андижон шаҳри ва Андижон туманидан 17 боланинг суннат тўйи ҳам ўтказилди.

Тўй болалар карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналаримизга хос кутиб олинди. Тантанада уларнинг шаънига айтилган қутлов ва табриклар, куй ва кўшиқлар барчага хуш кайфият улашди. Болажонларга вилоят ҳокимлиги, ҳомий ташкилотларнинг совғалари, турли мавзулардаги китоблар тўплами ҳамда Халқ банки бўлимлари томонидан ҳисобига 1 миллион сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари топширилди.

– Бугун Президентимиз кўмаги билан фарзандим Муҳаммадаминнинг суннат тўйини ўтказдик, – дейди Андижон шаҳридаги Ғайрат маҳалласида яшовчи Саодатхон Ҳакимова. – Кам таъминланган оилаларга, айниқса, фарзандларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди. Бунинг учун давлатимиздан, барча саховатли инсонлардан беҳад миннатдормиз.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
7 471






Все о погоде - Pogoda.uz