Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.07.2017 16:31 Чоп этиш версияси

Ҳамжиҳатлик, одамийлик қўрғони

...Тўй авжида. Келин-куёвни "Ёр-ёр" айтиб қаршилаётганлар сафида ўзимизнинг қоракўзларимиз билан бирга рус, корейс, украин, арман, татар каби турли миллат вакилларининг борлиги ҳеч кимни ажаблантирмайди. Сабаби уларнинг барчаси ўз тақдирини, келажагини, фарзандлари истиқболини шу маҳалла, мана шу табаррук замин билан уйғун кўради. Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги "Янги давр" маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган бу каби тўйларга юртимизнинг исталган ҳудудида гувоҳ бўлиш мумкин.

Маҳаллалар фаолиятига эътибор, уларни том маънода халқнинг ишончи ва таянчига, маънавият ва тарбия қўрғонига айлантириш борасидаги эзгу ташаббуслар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига янгича руҳ бағишламоқда.

Бу жиҳатлар "Янги давр" маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

– Хонадонлар ҳолидан хабар олиш, оилалардаги маънавий муҳитни, турли долзарб масалаларни ўрганиш одамлар ишончини қозонишнинг, улар кайфияти, руҳиятига ижобий таъсир ўтказишнинг асосий омилидир, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳром Худоёров. – Фаоллар, жамоатчилик комиссиялари аъзолари иштирокида хонадонларга кириб, одамлардан ҳол-аҳвол сўрамоқдамиз. Долзарб муаммолар маҳаллий ҳокимлик, тиббиёт, ижтимоий соҳа, бандлик, солиқ, банк, коммунал соҳа мутасаддилари билан биргаликда ўз вақтида ҳал этилмоқда.

Маҳаллада кекса, ёлғиз, боқувчисини йўқотган беморлар аниқланиб, шифохонада имтиёзли равишда даволантирилди. Ишга кириш истагидаги ёшларнинг меҳнат бандлиги таъминланмоқда. Борига қаноат, тинчига шукр қилмай, "бахту омади"ни хориждан ахтарган айрим фуқароларга "ҳар ернинг ўз тошу тарозиси борлиги" таъсирчан, самимий суҳбатларда атрофлича тушунтирилмоқда.

Фаолларнинг коммунал хизмат соҳаси мутасаддилари билан ўтказган амалий суҳбати натижасида электр, газ, сув таъминотидаги айрим камчиликлар бартараф этилди. Айни пайтда даромади мўмайгина бўлиб, коммунал тўлов тўлашдан ўзини четга олиб қочувчилар инсофга чақирилди. Аҳолининг коммунал хизмат бўйича тўлов интизоми яхшиланди. Эҳтиёжманд оилаларга, кексаларга моддий, маънавий, ҳуқуқий кўмак кўрсатилмоқда. Ёлғиз қарияларнинг уйи таъмирдан чиқарилди. Маҳалладаги ишларнинг авж олиши серҳиммат одамларни ҳам ҳаракатга келтириб қўйди. Уларнинг кўмаги билан маҳалла гузари, "Оталар чойхонаси" қайтадан таъмирланди. Ижтимоий кўмакка муҳтожларга кўрсатилаётган ёрдам кўлами кенгайди.

"Янги давр" маҳалласи ҳудудидаги ўттизга яқин корхона ва ташкилот, оилавий поликлиника мутасаддиларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари олдида ҳисобот бериши йўлга қўйилди. Бу ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорликнинг янада кенгайиши, мавжуд масалаларга биргаликда ечим топишда асосий омил бўлмоқда. Болалар учун спорт, шахмат-шашка тўгараклари ташкил этилди. 27-оилавий поликлиника шифокор ва ҳамшираларининг масъулияти янада кучайтирилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 221






Все о погоде - Pogoda.uz