Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2018 15:41 Чоп этиш версияси

Ҳамма ўз ишини қилса...

Жамият, давлат қачон юксалади? Қачонки, ҳамма ўз ишини қилса... Ҳуқуқшунос қонунларга амал қилинишини назорат қилсин, хонанда қўшиғини айтсин, шифокор беморларни даволасин, ўқитувчи эса фақат ёш авлод таълим-тарбияси билан шуғуллансин.

Узоқ йиллик фаолиятим давомида барча ўқитувчилар қатори дарсдан ташқари пахта ҳам тердик, кўча ҳам тозаладик. Баъзан дарсдан қолиб бўлса-да, ўқитувчилар турли ишларни қиламиз, муҳим тадбирлар арафасида тиним йўқ, ободонлаштириш мавсумларида эса ором нималигини унутганмиз. Одатда, бу каби юмушларда ҳеч қачон раҳбарият томонидан ёзма буйруқ берилмайди, оғзаки фалон-фалон ишлар қилинсин, деб айтилади. Раҳбарият билан сен-менга боришни истамаган ўқитувчи жимгина топшириқни бажариб қўя қолади.

Туманимиздаги ободонлаштириш ишларига кўп бора ёрдам берган, ўз ёнимиздан пул тўлаб, мардикор ёллаган вақтларимиз ҳам бўлган. Ҳар сафар йиғилишларда айтилса-да, бу каби ишларга ўқитувчиларни жалб этиш тўхтамаётган эди.

Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган таълим, тиббиёт соҳаси ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб қилишни тақиқлаш, бу борада раҳбарлар масъулиятини оширишга бағишланган йиғилиш тафсилотларини ўқиб, жуда қувондим. Эндиликда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича комиссия тузилиши ва бу борада масъул раҳбарларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилгани айни муддаодир.

Шаҳло Чўтбаева,
Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги
52-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ЎзА
4 813