Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 16:29 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси ва Россия онкология илмий марказлари ўртасида меморандум имзоланди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси онкология илмий маркази ва Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев ва бошқалар мамлакатимизда аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизими яратилгани ва соҳа босқичма-босқич такомиллаштирилаётгани инсон саломатлигини асрашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 5 январь ва 7 февраль кунлари бўлиб ўтган мажлисларда соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, тизимда ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш ва тиббиёт ривожини янги босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш, жаҳон тиббиётининг бу борадаги илғор ютуқларини ўзлаштириш, касалликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тиббиёт муассасаларида бу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, онкология хизматини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Кейинги йилларда аҳолига онкологик хизмат кўрсатувчи шифо муассасаларининг барчаси босқичма-босқич модернизация этилди. Сирдарё, Жиззах, Навоий вилоятларидаги онкология диспансерлари биноси янгидан қурилди. Фарғона, Навоий ва Жиззах вилоятлари онкология диспансерларида радиология бўлимлари очилди. Диагностика ва даволаш амалиётига янги технологиялар кириб келмоқда. Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, тиббий-профилактика ва патронаж ёрдамини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш имкониятини яратмоқда.

Бу ишларни янада такомиллаштириш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистонда онкологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ишларини ривожлантириш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилмоқда. Унинг доирасида Республика онкология илмий маркази ва вилоятлардаги диспансерларнинг моддий-техник салоҳиятини янада яхшилаш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш режалаштирилган. Бу борадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда жаҳондаги нуфузли илм-фан муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази жаҳондаги етакчи тиббий-илмий муассасалардан биридир.

Тадбирда Россия онкология илмий маркази ва Ўзбекистон Республикаси онкология илмий маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унинг доирасида онкологик касалликлар билан курашиш бўйича илмий, амалий ва услубий ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, илм-фан ютуқларини оммалаштириш, тиббий хизматни ривожлантириш бўйича қатор тадбирлар режалаштирилган.

– Ўзбекистон онкология хизматининг илмий-амалий, моддий-техник салоҳияти жаҳон андозалари талабларига тўла жавоб беради, – дейди Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази директори, академик Михаил Давидов. – Бугунги тадбир ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди. Илмий-амалий алоқаларни янада кенгайтириш, замонавий технологиялар юзасидан тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ва тиббий таълимни такомиллаштиришга доир қатор лойиҳаларни режалаштирганмиз. Бу ишлар тиббиёт ривожи ва инсон саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Баҳор Хидирова, ЎзА
2 912






Все о погоде - Pogoda.uz