Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2017 20:25 Чоп этиш версияси

Ҳамкорликдаги иш самара беради

Фарғона вилоятида ҳам профилактика куни доирасида турли тадбирлар ташкил этилиб, жойларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва оқибатлари таҳлил қилинди.

Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлашда ички ишлар ходимларининг хизмати катта. Президентимиз таклифи билан ҳафтанинг пайшанбаси профилактика куни сифатида белгиланиб, шу мақсадда жойларда ўтказилаётган тадбирлар тобора изчиллик касб этмоқда. Уларда нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, балки давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, умуман, кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.

– Шаҳар ва туманлар ички ишлар органлари, прокуратура ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари иштирокида ўтказилаётган тадбирлар ўз самарасини бермоқда, – дейди Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Ғуломжон Бобораҳимов. – Давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат гуруҳлар маҳаллалар, оилалар, ўқув муассасаларида аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказди. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан кенг тушунтиришлар берилди. Ушбу жараёнда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хотиржамлигини таъминлашдек мураккаб, айни пайтда ғоят шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳиятини ишга солиши лозимлигини янада чуқур ҳис этмоқда.

Амалга оширилаётган профилактика тадбирларида ички ишлар ходимлари маҳаллаларда бўлиб, оилалардаги вазиятни, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганмоқда. Ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракатини таъминлаш қоидалари ҳам тушунтириб бориляпти. Тадбирлар доирасида Учкўприк, Бувайда ва Ёзёвон туманларида “Тозалаш”, “Қалқон” тадбирлари ўтказилди. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилди.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари самарали йўлга қўйилган жойда нохуш ҳолатлар албатта барҳам топади. Ўтказилаётган тадбирларда таълим масканларидаги давомат, оилалардаги келишмовчиликлар ва бошқа масалалар чуқур таҳлил этилмоқда. Амалий мулоқотларда муаммолар ижобий ҳал этилаётир.

Қўқон шаҳар темир йўл касб-ҳунар коллежида ўтказилган учрашувда ўқувчилар давомати ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирокида ота-оналарни жалб этган ҳолда муҳокама қилинди. Шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Азимжон Йўлдошев ҳамкорликдаги ишлар, жумладан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик турлари, уларнинг олдини олиш, ёшларни турли ёт ғоя ва иллатлардан асраш бўйича атрофлича маълумот берди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 483






Все о погоде - Pogoda.uz