Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 19:30 Чоп этиш версияси

Ҳамкорлик – муваффақият омили

Ҳамкорлик – муваффақият омили Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан 7-8 февраль кунлари Тошкент шаҳрида медиа-тур ташкил этилди. Журналистлар “JICA кўнгиллилари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Япония – Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан. Ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшаётган давлат ва жамоат ташкилотлари орасида JICA алоҳида ўрин тутади. Ушбу ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси мамлакатимиз вазирлик ва идоралари билан ижтимоий, иқтисодий, гуманитар йўналишларда, қишлоқ ва сув хўжалиги, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

– Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда, – дейди Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Фушими Кацутоши. – Хусусан, Таллимаржон иссиқлик электр станцияси ўзаро ҳамкорликда модернизация қилинмоқда. Тошкентда фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон – Япония инсон ресурсларини ривожлантириш марказида хорижий тиллар, компьютер ва бизнес юритиш сирларини ўрганиш учун зарур шарт-шароит яратилган.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган кўплаб чет эллик профессор-ўқитувчилар орасида японияликлар ҳам бор. Тошкент давлат юридик университети қошидаги Япон ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази ўқитувчиси Итоу Масаянинг фикрича, ўзбекистонлик талабаларнинг билим ва изланишга иштиёқи ҳавас қилса арзигулик. Ўн бир йил давомида мазкур марказда 52 талаба япон тили ва ҳуқуқини ўрганиб, шулардан йигирма нафари Япониядаги Нагоя университетининг магистратура босқичида таҳсил олди.

Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик натижасида кўплаб хайрли ишлар қилинди. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш, иссиқлик таъминоти, таълимдаги янги технология ва лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши шулар жумласидандир.

– «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Tohoku Electric Power Co., Inc» компаниясининг ҳамкорликдаги модель лойиҳасини амалга ошириш доирасида Япониянинг Янги энергетика ва саноат технологияларини ривожлантириш ташкилоти (NEDO) кўмагида корхонамизга когенерацион газ турбинаси ўрнатилди, – дейди Тошкент иссиқлик электр маркази бошлиғи ўринбосари Рустам Шамсиев. – Газ турбинаси блокининг ишга туширилиши билан энергия ишлаб чиқариш ҳажми 228 миллион кВт-соатга кўпайди. Бу Тошкент иссиқлик электр марказида бир йилда 400 миллион кВт-соат электр энергиясини ишлаб чиқаришга ёрдам беради. Бир йилда 39 миллион куб метр табиий газ тежалади.

Журналистлар медиа-тур доирасида Тошкент иссиқлик электр маркази, 2-туғруқхона мажмуаси, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг япон филологияси факультети, Тошкент давлат юридик университети қошидаги Япон ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри ҳамда Ўзбекистон Айкидо федерациясида кўнгиллилар фаолияти билан танишди.

Севара Алижонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
2 236






Все о погоде - Pogoda.uz