Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 14:17 Чоп этиш версияси

Ҳамкорлик – иллатга қарши курашнинг самарали омили

Бухорода “Одам савдосига қарши курашиш ҳамда аёллар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш – соғлом ва адолатли жамият тараққиёти кафолати” мавзуида конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши, вилоят ҳокимлиги, прокуратура, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Тўйева, партия вилоят кенгаши раиси А.Турсунов ва бошқалар мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ва Биринчи Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Конференцияда одамларни алдов ва фирибгарлик йўли билан ноқонуний меҳнат миграциясига жалб этиш, улардан турли мақсадларда фойдаланиш, ҳақ-ҳуқуқлари ва қадр-қимматини поймол этиш жиноятига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди. Одам савдосига қарши курашиш фақат давлат идораларининг эмас, балки барча жамоат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партияларнинг ҳам муҳим вазифаси эканлиги таъкидланди.

– Партиянинг “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялари, тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, – дейди партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари З.Мирзаҳамдамова. – Бундай тадбирларни олиб боришда олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг мутасадди ходимларидан иборат тарғиботчилар гуруҳи ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этаётир.

Партия вилоят кенгашининг “Аёллар қаноти” ҳузуридаги психологик марказ аҳоли, жумладан, одам савдосидан жабр кўрган фуқаролар, хотин-қизларга руҳий кўмаклашиш орқали ўз меҳнат қобилиятини тиклаши, шу орқали ҳаётда муносиб ўрнини топишига ёрдам бераётгани қайд этилди.

Конференцияда одам савдосига қарши курашиш, жиноятга сабаб бўлувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, бошқа тегишли масалаларда давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмини такомиллаштириш орқали фаолият самарадорлигини янада ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
693






Все о погоде - Pogoda.uz