ЎзА Ўзбек

18.05.2018 15:32 Чоп этиш версияси

Америкалик профессор билан учрашув

Америкалик профессор билан учрашув Тошкент кимё-технология институтида АҚШнинг Орегон университети профессори Жералдин Ричмонд билан учрашув ташкил қилинди.

Унда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, магистр-талабалар иштирок этди.

Тошкент кимё-технология институти ректори Ш.Муталов ва бошқалар мамлакатимизда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида сўз юритди.

Тадбир доирасида профессор Жералдин Ричмонд “АҚШда фан, технология ва таълим: келажакка сармоялар ва улкан режалар” мавзуида семинар-тренинг ўтказди. Унинг фаолияти, илмий изланишлари, яратган илмий мактаби ва лабораторияси талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, иштирокчилар АҚШ таълим тизими, магистратура ва PhD, яъни таянч докторантура талабалари учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумотга эга бўлди.

– Институт талабаларининг билим савияси юқори экан, – деди Жералдин Ричмонд. – Улар билан инглиз тилида эркин мулоқотга киришдик. Бир-биримизни тушунишимиз ҳам осон кечди. Уларни қизиқтирган саволларга астойдил жавоб беришга ҳаракат қилдим.

Меҳмонлар институт фаолияти, бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, кафедраларда бажарилаётган илмий-тадқиқот ишлари, факультет лаборатория ва аудитория хоналари билан танишди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 813