ЎзА Ўзбек

15.03.2018 20:44 Чоп этиш версияси

Амалга ошмаган “операция”

Карманалик Ш.Рўзибоева (исм-шарифлар ўзгартирилган) олти нафар фарзанднинг онаси. Бу аёлнинг ўтмишига назар солсангиз, умри ҳуқуқбузарлик билан ўтганига, болалар тарбиясига ўта лоқайд муносабатда бўлганига гувоҳ бўласиз. Яқинда у жиноий қилмиши учун бешинчи марта суднинг қора курсисига ўтирди.

Ш.Рўзибоева шаръий турмуш ўртоғи, икки нафар фарзандининг отаси Х.Салималиев билан бирга гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишга жазм этди. Бундан мўмай даромад келишидан ҳаволаниб, муқаддам бундай иши учун жазолангани, ҳатто озодликдан маҳрум этилгани, давлатимизнинг инсонпарвар сиёсатига биноан жазодан шартли равишда озод этилганини ҳам унутди. Бундай муҳитда вояга етаётган болаларнинг тақдири билан эса умуман қизиқмади.

Х.Салималиев дала ҳовлисида марихуана гиёҳвандлик моддасини етиштиради. У тайёр бўлганда умр йўлдоши билан “дори”ни пуллашни режалаштиради ҳамда Ш.Рўзибоеванинг хонадонига олиб келади. Сўнгра бўлаклаб, сотувга тайёрлайди. Тез орада харидорлар сони ортади. Бундан хабар топган қўни-қўшнилар жиноятнинг олдини олиш мақсадида тегишли идораларга хабар берди ва навбатдаги “операция”га чек қўйилди. Оғуфурушлар далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг навбатдаги очиқ мажлисида ушбу иш юзасидан яна 3 нафар айбдорга нисбатан ҳукм чиқаришга тўғри келди. Тергов жараёнида У.Имомов, З.Муҳамедшин ва К.Каромов ҳам оғуфурушлар билан ҳамкорлик қилгани аниқланди. Улар марихуанани “мижоз”ларга етказишда воситачилик қилган.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
9 721