ЎзА Ўзбек

03.07.2018 15:38 Чоп этиш версияси

Ҳам мурувват, ҳам фаолият

Шайхонтоҳур туманидаги “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида яшовчи Алимовлар хонадонида бугун байрам. Ахир, оилани узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган масалаларга ечим топилди. 

Оиланинг боқувчилари анчадан буён бетоб бўлиб қолгани боис, оила ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлиб, кимдан кўмак сўрашни ҳам билмаётганди. Хонадонига бир неча кун аввал туман ишчи гуруҳи аъзолари келишгани уларга қўл келди. 

Ўрганиш натижаларида аниқланишича, хонадон эгаси Худойберган Алимов 2-гуруҳ ногирони бўлиб, унинг 1973 йилда туғилган ўғли Хабибулло Алимов 1-гуруҳ ногирони. Ота-боланинг ногиронлик аравачасига эҳтиёжи бор экан.

Шунингдек, оиланинг топган пули муолажаларга сарфлангани учун, коммунал қарздорлиги кўпайиб кетган. Уй ҳужжатлари (кадастр) ҳам Х.Алимовнинг узоқ йиллар аввал вафот этган отаси номида эканлиги аниқланди.

Шайхонтоҳур туман Адлия бўлими ва 4-сектор мутасаддилари, маҳалла фаоллари, Тошкент шаҳар инвестиция бўлими ходимлари биргаликда ушбу муаммоларни бартараф этишга киришди. Қисқа фурсатда оилага моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Қарздорлик бартараф этилиб, аравача етказиб берилди.

Мазкур туманнинг “Чарх Новза” маҳалласида истиқомат қилувчи 1950 йилда туғилган Наталья Никитина ва 2002 йилда туғилган Музаффар Анваровга ҳам ногиронлик аравачаси топширилди.

Туманда кам таъминланган, қийин аҳволга тушиб қолган оилаларга кўмак бериш билан бир вақтда маҳалларда жадаллик билан ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, “Чарх Новза” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига қарашли 115та гараждан ноқонуний қурилган 86таси олиб ташланди. Маҳалла ҳудудидан ўтувчи анҳор бўйидаги дарахтларга шакл берилиб, атроф тозаланди. Йиғилган 16 машина ахлат ва шох-шаббалар олиб чиқиб кетилди.

Айни вақтда бундай хайрли ишлар давом эттирилмоқда.

ЎзА
11 614