Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2017 15:24 Чоп этиш версияси

Алломалар мероси – бебаҳо маънавий бойлик

Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги "Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш ишларини янада кенгайтиришда янги босқични бошлаб берди.

Қадимий тарихимиз ва маданиятимизни, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий, маънавий ва маърифий меросини чуқур ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар, айниқса, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида улғайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Сурхондарё замини Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Самандар Термизий, Собир Термизий каби жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирларни вояга етказган. Улар қолдирган бой илмий мерос, китоб ва рисолалар инсоният маънавий оламини бойитган бебаҳо хазина сифатида юксак қадрланмоқда. Катта қизиқиш билан ўқиб-ўрганилиб, улар устида турли илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

– Термиз азалдан йирик илм-фан ва маданият маркази сифатида машҳур бўлган, – дейди Термиз давлат университети профессори С.Турсунов. – Бу табаррук заминда яшаб, бутун ҳаётини илм-фан ривожига, инсон маънавиятини бойитишга бағишлаган Ҳаким Термизий мажмуаси, Султон Саодат, Кокилдор ота мақбаралари, Сўфи Оллоёр қадамжоси ва бошқа тарихий обидалар қайта таъмирланиб, кўркам зиёратгоҳларга айлантирилди. Университетимизда ҳам ана шу улкан меросни ўрганиш, тадқиқ этиш ва нашр қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Қадамжоларда реконструкция-ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилаётир.

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятида ўтган сайловчилар билан учрашувида буюк муҳаддис Имом Термизийнинг Шеробод туманидаги мангу оромгоҳини ҳар томонлама обод қилиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганини таъкидлаган эди. Қисқа вақтда бу ерда миллий ва замонавий архитектура ечимлари асосида йирик мажмуа барпо этилиб, зиёратчилар ва сайёҳлар учун барча шароитлар яратилди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида ташкил этилган илмий марказ Имом Термизий ва термизий алломалар меросини илмий асосда чуқур ўрганиб, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида самарали фойдаланиш, дарслик ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Имом Термизий мусулмон оламида олти буюк муҳаддисдан бири сифатида танилган. Ҳуқуқшунослик, табиатшунослик, табобат, илми нужум, тилшунослик, ахлоқ-одоб ва яна бир қатор соҳаларда асарлар яратиб, дунё илм-фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Буюк ватандошимизнинг муқаддас қадамжосини ободонлаштириш, сўлим масканга айлантириш, ибратли ҳаёт йўли ва илмий фаолиятини ўрганишга қаратилаётган бундай эътибор юртдошларимизда фахр-ифтихор туйғуларини янада юксалтирмоқда.

– Ёшим 60 дан ошди, – дейди Қумқўрғон тумани Янги авлод маҳалласида яшовчи Нурхон Орамов. – Собиқ тузум даврида Имом Термизий мангу қўним топган бу гўша буткул қаровсиз қолдирилган бир тиканзор эди. Зиёратга киришга йўл ҳам, имкон ҳам бўлмаган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан атроф тозаланиб, йўллар қурилди, зиёратгоҳ ободонлаштирилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бу ернинг янада обод бўлгани, янги мажмуалар қурилганини эшитиб, ўз кўзим билан кўрай, деб зиёратга келдим. Рости, баҳри-дилим очилди. Кўзларимга ишонмадим. Муҳташам мажмуалар барпо этилиб, атрофи гулзорга айлантирилибди. Мустақилликнинг буюк қудратини, бизга берган имкониятларини яна бир бор ҳис этдим. Бундай эзгу ишлар азалдан юксак маърифатли зотлар Ватани бўлган Ўзбекистонимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ёшларимизни улуғ аждодларимиз анъаналарига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда беқиёс маънавий бойлик вазифасини ўтайди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 679






Все о погоде - Pogoda.uz