Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2018 17:09 Чоп этиш версияси

Алишер Навоий ва XXI аср

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, миллий-маданий марказлар раҳбарлари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Университет ректори Ш.Сирожиддинов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари К.Эшонхўжаев, Ўзбекистан Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келганини алоҳида таъкидлади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанча кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга ёйди.

Анжуманда Навоий ижодини ўрганишга бўлган қизиқиш янада ошиб бораётгани, унинг асарлари оламшумул аҳамиятга эгалиги ва бутун дунё Навоий шахсига ҳурмат бажо этишининг боиси у илгари сурган ғоялар ҳеч қачон эскирмаслигида эканлиги таъкидланди. Алишер Навоий ўзининг пурҳикмат асарлари, сермазмун ҳаёт йўли, бетакрор илмий ва ижодий мероси билан жаҳон адабиёти, илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган. Навоий ижоди асрлар оша башариятга эзгулик ва камолотдан сабоқ бериб келмоқда. 

Талабалар Навоий ғазалларидан намуналарни ўзбек, рус, инглиз, француз, араб ва бошқа тилларда ўқиб берди. Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева Навоий ғазалларига битилган қўшиқлардан ижро этди.

Анжуман иштирокчилар пойтахтимиздаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
7 619