Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.12.2017 15:59 Чоп этиш версияси

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига қанча китобхон аъзо?

Жалолиддин Румий ҳазратлари “Мўъжиза эмасдир фалакда офтоб, мўъжиза аслида беминнат китоб”, дея китобни мўъжизага қиёслаган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори улуғ аждодларимизнинг бу борадаги эзгу ишларини давом эттиришда ҳамда халқимиз маънавий дунёсини бойитиш, китобхонлик маданиятининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янги босқичга кўтариш йўлида муҳим ҳужжат бўлди.

Шу билан бирга, бу қарор ижроси маънавият-маърифат аҳли қаторида бизнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди. Китоб маҳсулотларини чиқариш ва уларнинг жамият ҳаётида муайян ўрин эгаллашини тартибга солиш жуда кўп муассаса ва ташкилотлар сингари ахборот-кутубхона муассасаларининг ҳам вазифасидир.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида XV-XIX асрларда чоп этилган 250 мингдан ортиқ бебаҳо маънавий бойлик, 75 тилдаги ҳужжатлар, қўлёзма манбалар ва ноёб китоблар, тасвирий, картографик ва нота-мусиқий нашрлар мавжуд. Айниқса, улар орасида Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Имом Бухорий каби буюк аждодларимиз қўлёзма асарлари сақланаётгани зиё масканимиз учун катта шарафдир.

Қарийб 150 йиллик тарихга эга бўлган мазкур кутубхона мустақиллик йилларида янги қиёфа касб этди. Айниқса, 2011 йил унинг замонавий ҳамда халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилиши китобсеварларга ҳар томонлама қулайликлар яратди. Мамлакатимиз Биринчи Президентининг 2012 йил 20 мартдаги "Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа қатор муҳим ҳужжатлар ижроси асосида ушбу масканнинг имконияти янада кенгайтирилди. Жумладан, бугунги кунда ундаги ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш учун мамлакатимизнинг ҳар қандай жойидан туриб мурожаат қилиш, шунингдек, етакчи хорижий ахборот-кутубхона фондларининг маълумотлар базасига уланиш ҳамда халқаро амалиётда тажрибадан ўтган хизмат кўрсатиш шакллари ва илғор дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш мумкин.

Кутубхонада саккиз юз эллик ўринли 11 та ўқув зали замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бой адабиёт фонди, каталог ва картотекалардан ташкил топган маълумот-қидирув аппарати, табақалашган ва юқори малакали кутубхона-библиографик хизмат кўрсатишнинг қулайлиги фойдаланувчилар сафини йилдан-йилга оширмоқда. Бугунги кунда кутубхонага 182 мингдан ортиқ китобхон аъзо бўлган. Жорий йилнинг 10 ойи мобайнидаги рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, кутубхона аъзолари 24 мингдан зиёдга кўпайган. Унинг хизматидан фойдаланганлар жами 775 минг 568 нафар бўлса, шундан кутубхонага келганлар 659 минг 994, кутубхона веб-сайтидан фойдаланганлар эса 115 минг 574 кишидир. Фойдаланувчиларга китоб бериш 4,5 миллиондан ошган бўлса, веб-сайтдаги ички манбага 390 мингга яқин маротаба мурожаат бўлган.

Бугунги кун фойдаланувчилари (айниқса, 25 ёшгача бўлганлар) компьютер техникасини яхши ўзлаштирган. Ўқув ва меҳнат фаолияти билан банд бўлган бу ёшлар учун вақт жуда қимматлидир. “Исталган ахборот, исталган жойда ва исталган вақтда” шиорига амал қилаётган бугунги замон фойдаланувчилари учун кутубхоналар веб-сайтлари орқали виртуал киришни йўлга қўйган. http://www.natlib.uz расмий сайтимиз шундай мақсадларга хизмат қилмоқда. Унда муассаса ҳақида тўлиқ маълумот, хизматлар ва фаолият йўналишлари, янгиликлар, ташкил қилинадиган тадбирлар анонси каби ахборотлар билан танишиш имкони мавжуд.

Шу билан бирга, кутубхонамизда анъанавий кутубхоналараро абонемент хизматини такомиллаштириш, ресурсларни масофага етказиб бериш хизматини татбиқ этиш, электрон-почта орқали хизматни ривожлантириш каби жараёнлар ҳам йўлга қўйилган. Айниқса, кутубхонада китоб бериш жараёнининг автоматлаштирилиши китобхон учун “Буюртма-онлайн” хизматидан фойдаланиш имконини берди. Китобхон электрон каталогда зарур бўлган ресурсни излаб топиб, унга буюртма бериши ва кутубхона ўқув залларида ўзига қулай вақтда келиши ва ундан фойдаланиши, буюртма берган китобларини бажариш учун кетадиган вақтини тежаши мумкин. Энг муҳими, бундай фойдаланувчилар учун уларнинг сўровлари тезликда бажарилиши, тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги катта аҳамиятга эгадир.

Ҳозирги замон кутубхоналар фойдаланувчиларида жонли мулоқотга киришиш кўникмаларининг камлиги эътиборга олиниб, бу ерда кутубхона ва ундаги ресурслар ҳақида маълумот берувчи инфокиосклар ўрнатилган. Шунингдек, 2013 йилдан эътиборан турли йўналишларда айнан жонли мулоқот қилиш, фикр алмашиш, у ёки бу масала бўйича ўз нуқтаи назарини бемалол билдириш, омма олдида ўзини тутишга қаратилган иқтидорли ижодкорлар, инглиз тили ва корейс тили сўзлашув клублари фаолият кўрсатмоқда.

Яна эътиборли жиҳати шундаки, кутубхонамиз энг кўп хорижий илмий-таълимий электрон базаларга обунани амалга ошириб келмоқда. Ушбу базалардаги ахборотларнинг ҳажми миллионлаб нусхани ташкил этиши, дунё миқёсида фаннинг барча соҳалари бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва ихтироларни акс эттирувчи энг янги нашрлар билан тезкор равишда танишиш имконини берувчи асосий манба ҳам ушбу маскан ҳисобланади.

Мамлакатимизда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та ҳудудий ахборот-кутубхона маркази ҳамда 12 мингдан зиёд ахборот-кутубхона муассасаси томонидан аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган. Яқинда кутубхонамиз томонидан “Infolib O'zbekiston” VI миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ўтказилди. Ҳафталик доирасида 50 дан зиёд турли тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг юқорида номи зикр этилган қарори ижроси ахборот-кутубхона муассасалари фондларини тўлдиришдаги қийинчиликлар, ахборот-кутубхона муассасаларининг ривожланиш суръати, ҳудудларда китоб меросини сақлашда ахборот-кутубхона марказларининг роли, замонавий ижтимоий ҳамкорликнинг таркибий қисми сифатида кутубхона шерикчилиги, кутубхоналарни қайта қуриш ва ресурсларни рақамли форматларда сақлаш каби долзарб масалаларни ҳал этиш ҳамда соҳани чуқур танқидий таҳлил қилиш, бу борадаги муаммолар ечимини топишга кенг йўл очмоқда.

Румий ҳазратлари таъкидлаганидек, китоб чиндан мўъжизадир. Негаки, дунёда ҳамма нарса эскириши, унинг ўрнини янгиси эгаллаши мумкин. Лекин китобларнинг асл мазмуни, моҳияти ҳеч қачон ўзгармайди. Аксинча, улардан олган таассуротлар маънавиятимизнинг, қалбимизнинг гўзал обидасига айланиб бораверади. Кўнглимиз нури, ҳамроҳи, дарду ташвишимиз малҳами, ҳаёт йўлимиз устози бўлган китоблар биз билан ҳамиша биргадир.

Умида Тешабоева,

Алишер Навоий номидаги
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
директори ўринбосари.

ЎзА
1 910






Все о погоде - Pogoda.uz