Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 14:42 Чоп этиш версияси

Алиментни вақтида тўлаганида эди...

Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи Илҳом Ҳаитов оиласини икки нафар фарзанди билан ташлаб кетди. Фарзандларига моддий ёрдам – алимент тўлашдан бўйин товлаб, саккиз йил давомида изсиз йўқолди. Боқувчисиз қолган турмуш ўртоғи эса икки норасидага ҳам ота, ҳам она бўлди.

...Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти биносида бўлиб ўтган сайёр судда И.Ҳаитовнинг жиноий иши кўриб чиқилди.

И.Ҳаитов турмуш ўртоғи билан ажрашган пайтда, яъни 2006 йил октябрь ойида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судининг буйруғига асосан Рушана (Ҳаитова) Камоловага икки нафар фарзандининг вояга етгунига қадар иш ҳақи ва бошқа даромадларидан учдан бир қисми миқдорида алимент тўлаши белгиланган эди. Аммо у қонуний бурчини бажаришдан очиқчасига бош тортиб, қўшни Қозоғистон давлатига кетиб қолди ва орадан саккиз йил ўтиб қайтиб келди.

Р.Камолова фарзандларининг отаси қайтиб келганини билгач, ўтган йиллардаги алимент тўловидан воз кечди ва бундан буёғига тўлашини сўраб судга яна ариза берди. Мазкур аризага асосан 2014 йил февраль ойида И.Ҳаитовга нисбатан алимент тўлаш бўйича суднинг янги буйруғи чиқди. Бироқ доимий огоҳлантириш бериб турилганига қарамай И.Ҳаитов бу сафар ҳам алимент тўламади. Бунинг оқибатида унинг алимент қарзи жорий йилнинг 15 августига қадар 13 миллион 783 мингни ташкил этди.

Сайёр суд залида И.Ҳаитовга алимент қарзини тўлаш таклифи билдирилди. Лекин у пулни тўлашни истамади. Вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бош тортганлиги учун И.Ҳаитов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Судланувчидан жабрланувчи Р.Камолова фойдасига тўпланган қарз ундирилиши белгиланди.

Сайёр суд мажлисида содир этилган жиноий қилмишнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди. Бу каби тадбирлар фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.

Даврон Суннатов, ЎзА
3 234






Все о погоде - Pogoda.uz