ЎзА Ўзбек

06.09.2018 16:59 Чоп этиш версияси

Ҳали қилинадиган ишлар кўп

Ҳали қилинадиган ишлар кўп
Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев, Чилонзор тумани ҳокими Д.Ҳидоятов, сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласи юклатилгани алоҳида таъкидланди.

6.JPG

Президентнинг 2018 йил 15 августдаги “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва шаҳар ҳокимлиги зиммасига пойтахтнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилган эди.

Мажлисда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича масъул вазирлик ва идоралар, туман ҳокимлиги раҳбарларининг ахбороти тингланди. Жорий йилда ҳудуддаги маҳаллалар ободлигини таъминлаш, кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, 48 маҳаллада 1 минг 150 кўп қаватли уй-жойлар мавжуд бўлиб, уларга 354 ширкат, 27 бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатади. Шу кунга қадар, ҳудуддаги кўп қаватли уйларнинг том қисмини мукаммал таъмирлаш 57 фоизга, йўлаклар 40 фоиз ва ертўлаларни таъмирлаш эса 33 фоизга бажарилган.

Туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик 37,2 фоизни ташкил этиб, бу жараён 4 та сектор кесимида қониқарсиз бажарилган. Соҳа ходимларининг ўрганишлари давомида Тирсакобод, Хирмонтепа, Шуҳрат ва Шарқ каби маҳаллаларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уй ва ҳовлилар борлиги аниқланди. Ушбу муаммога тез фурсатда чора кўриш лозимлиги бўйича масъул ходимларга топшириқлар берилди.

7.JPG

Тадбирда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш ва шу асосда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш масалалари муҳокама этилди. Айни пайтда ҳудудда 4 минг 412 корхона фаолият юритмоқда. Жорий йилда 714 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 96,3 миллион долларни ташкил этади. Умумий майдони 7,9 гектар бўлган Чилонзор кичик саноат зонасида 28 корхона тендер асосида жойлаштирилган. Улар томонидан тўқимачилик, трикотаж, пойабзал, полиэтилен қувурлар, болалар ўйинчоқлари ва яна кўплаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мажлисда маҳалла раисларига тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг тартибли ўтказилишини таъминлаш борасида топшириқлар берилди. Туманни комплекс ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилишни таъминлаш чоралари тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.

Абдулазиз Мусаев, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
6 111