ЎзА Ўзбек

15.05.2019 21:45 Чоп этиш версияси

Алексей ЛИХАЧЁВ: Тошкентда “ММФИ" филиали очилгани ҳамкорлик ривожидан далолатдир

Алексей ЛИХАЧЁВ: Тошкентда “ММФИ" филиали очилгани ҳамкорлик ривожидан далолатдир

Россиянинг атом энергияси бўйича “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв давлатимиз раҳбари билан учрашувдан сўнг ЎзА мухбирига интервью берди.

– Суҳбатда фан ва юқори технологиялар соҳасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакат илмий-тадқиқот институтлари ва инновация марказлари ўртасида яқин ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Қўшма дастур ва лойиҳалар доирасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Лойиҳаларни амалга ошириш жараёнлари, тармоқ ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўз лойиҳамизга келсак, у жадал ижро этиляпти. Президент томонидан бир йил олдин ўрнатилган жадвал қанчалик мураккаб бўлмасин, биз Ўзбекистонда АЭС тармоғини яратиш бўйича салмоқли ишларни амалга оширдик. Станция учун майдон белгиланди. Биз қурадиган блок андозаси танлаб олинди. Контрактация ишлари фаол олиб борилмоқда. Олдимизда турган вазифа жорий йилда асосий шартномаларни тузиш.

Атом технологиялари бўйича ахборот марказини ҳам очдик. Бу ерда қизиқувчилар ядро технологиялари, тармоқ тарихи ҳақида маълумот олиши мумкин. 2019-2020 ўқув йилидан “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентда очилаётган филиалида атом энергетикаси соҳаси учун мутахассислар тайёрлана бошлайди. Бу ерда талабалар энг яхши дастурлар асосида таҳсил олади. Ушбу таълим даргоҳи нафақат Россия, балки халқаро миқёсда улкан эътирофга сазовор бўлган. Тошкентда унинг филиали очилгани ҳамкорлик изчил ривожланаётганидан ёрқин далолатдир.

Ҳозирги кунда “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетида 56 нафар ўзбекистонлик мутахассис таълим олмоқда. Келаси ўқув йилидан унинг магистратурасида Ўзбекистон учун квоталар сони икки баробар оширилади.

Шавкат Мирзиёев лойиҳанинг истиқболли жиҳатларини назардан қочирмайди. Иқтисодиётни ривожлантирувчи бу тармоқ орқали экспорт салоҳиятини янада ошириш, илм-фан, тиббиёт соҳасини равнақ топтириш мумкин. Президент бизнинг бу борадаги ишларимизни қўллаб-қуватлаётганидан миннатдормиз.

АЭСнинг ишга туширилиши станция жойлашган ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши, янги корхоналар қурилиши, иш ўринлари яратилиши, аҳоли фаровонлиги ошиши ва маҳаллий инфратузилма равнақига хизмат қилади.

ЎзА мухбири А.ҒАФФОРОВ ёзиб олди.
5 203