Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2018 18:47 Чоп этиш версияси

Алакўйлак маҳалласида замонавий боғча иш бошлади

Алакўйлак маҳалласида замонавий боғча иш бошлади Шу пайтгача бирорта мактабгача таълим муассасаси бўлмаган маҳалла аҳли бундан беҳад мамнун.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани Алакўйлак маҳалласида 100 ўринли “Навоий дилбандлари” нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади.

Меҳнат фахрийси Дилбар Раҳимова давлатимиз томонидан тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, боғча ташкил этди.

– Ўзим педагог бўлганим учун бола тарбиясига меҳрим бўлакча, – дейди Д.Раҳимова. – Шу боис маҳалламизда бир боғча ташкил этиб, нафақада ҳам болажонлар тарбияси билан шуғулланишни ният қилдим. Ташаббусимни оила аъзоларим ҳам қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг лойиҳам ҳақида туман ҳокимлигига айтдим, ёрдам сўрадим. Менга 20 йил олдин боғча бўлган, кейин мактаб филиалига, ундан сўнг маҳалла идорасига айлантирилган, охирги йилларда эса қаровсиз бўлиб қолган бинони беришди. Бу ерни таъмирлаб, атрофни ободонлаштиргач, ишни бошлаб юбордик.

4.jpg

Тадбиркорнинг таъкидлашича, дастлаб 50 ўринли боғча ташкил этмоқчи бўлган. Бироқ, боғча очилиши билан фарзандларини етаклаб келувчилар сони кўпайган. Шундан сўнг қўшимча сармоя ҳисобига боғча 100 ўринга айлантирилган.

Тарбия масканида махсус ўқув хоналари, жиҳозлар, чет тилларини пухта ўзлаштириш учун қўлланмалар, кўргазмали воситалар кичкинтойларнинг рус ва инглиз тилларини ўрганишига хизмат қилаётир. Уларнинг чет тилларида бийрон-бийрон шеър, қўшиқ айтиши, миллий рақсларни ижро этиши кўзни қувонтиради. Айни пайтда боғчада 108 болага 8 педагог ва тарбиячи таълим-тарбия бермоқда.

– Боғчамизда инглиз ва рус тиллари, шахмат-шашка тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган, – дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Муҳайё Исмоилова. – Бунинг учун малакали мутахассисларни жалб этдик. Яқин кунларда мусиқа ва рассомчилик тўгараклари ҳам ташкил этилади. Ҳали бу ишларимизнинг дебочаси. Насиб этса 650 миллион сўм миқдорида кредит маблағи олишни режалаштираяпмиз. Бу ишларимиз ҳал бўлса, боғчамиз қиёфаси тубдан ўзгаради. Қўшимча жиҳозлар оламиз. Натижада болалар қамровини 150 ўринга етказамиз.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, жорий йилда туманда 8 та мана шундай нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг аксарияти аввал боғча бўлмаган қишлоқларда ташкил этилган. Бу борада яна кўплаб тадбиркорлар ўз режаси билан мурожаат этган. Йил охирига қадар нодавлат мактабгача таълим муассасалари сони 25 тага етади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
4 876