Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 20:02 Чоп этиш версияси

АКТ мутахассислари учун чинакам рағбат

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15 мартдаги «Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Қарорда Тошкент ахборот технологиялари университетида замонавий технологияларга асосланган илм-фан муҳитини яратиш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчиларнинг истиқболли илмий-тадқиқотларини амалга татбиқ этиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ва соҳалари учун АКТ соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилган.

АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича минтақамиздаги етакчи таълим муассасаси ҳисобланган Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд, Фарғона, Қарши, Урганч, Нукус филиаллари ташкил қилинган. Университет ҳамда унинг филиалларида ўн мингдан зиёд талаба компьютер ва дастурий инжиниринг, почта алоқаси, телекоммуникация ва телевизион технологиялар йўналишларида таҳсил олмоқда.

2017/2018 ўқув йилларида университетда улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг номини абадийлаштириш ҳамда унинг меросини ўрганиш билан боғлиқ йирик тадбирлар амалга оширилади.

Мамлакатимизнинг етакчи олимлари иштирокида республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий анжуманлар, олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар билан илмий учрашувлар ҳамда давра суҳбатларини ташкил этиш белгиланган. 2018 йилда аллома таваллудининг 1235 йиллигини кенг нишонлаш юзасидан илмий-амалий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

Иқтидорли талабалар учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендиянинг жорий этилиши, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида АКТ соҳасида, шу жумладан, дастурий маҳсулотларни яратиш борасида танлов ва олимпиадаларнинг ўтказилиши бўлажак АКТ мутахассислари учун чинакам рағбатдир.

Университетда замонавий технологияларга асосланган илм-фаннинг янги қирраларини тадқиқ этишга мўлжалланган янги ўқув ва илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилади. Математик моделлаштириш, алгоритмлаш ва криптология соҳаларида, компьютер ва дастурий инжиниринг, телекоммуникация ва телевизион технологиялари, ахборот хавфсизлиги йўналишларида замонавий ўқув адабиётларини ишлаб чиқиш, уларнинг мультимедиали авлодларини яратиш ҳамда талабалар, олимлар ва педагогларнинг ушбу ўқув адабиётларидан эркин фойдаланишлари учун уларни электрон ресурсларга жойлаштириш чоралари амалга оширилади.

Университет қошида ташкил этиладиган Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси маблағлари ўқув дарсликлар ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия харажатларини қоплаш, «Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари» номли илмий журнал нашр этилишини молиявий қўллаб-қувватлаш, илмий ва ўқув лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар, зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш, иқтидорли талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий ходимларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, университетда дарс бериш ва Марказда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юқори малакали хорижий мутахассислар ва олимларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга йўналтирилади.

Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда унинг филиаллари олдида ёш мутахассисларни илмий-тадқиқот фаолиятга жалб қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, зарур шароитларни яратиб бериш орқали университет фаолиятини такомиллаштириш юзасидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар турибди. Бу вазифаларнинг амалга оширилиши ижтимоий-иқтисодий соҳалар фаолиятини юқори технологиялар ёрдамида автоматлаштириш, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг марказлашувига эришиш, дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқиш ҳамда иқтисодиёт соҳаларига татбиқ этилаётган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини ҳимоялашга хизмат қилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев  сўзга чиқди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
2 518






Все о погоде - Pogoda.uz