ЎзА Ўзбек

11.06.2018 23:52 Чоп этиш версияси

Ҳакима танлов ғолиби

Ҳакима танлов ғолиби
Наманганда “Ишбилармон аёл” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилган танлов Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилоят кенгаши, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Кўрик-танловда иштирокчиларнинг турли йўналишлар бўйича кўргазмаси намойиш этилди.

9.jpg

Иштирокчиларни баҳолашда тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлидаги изланишлар, қанча иш ўрни яратилгани ва субъектнинг экспорт йўналишидаги натижаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Биринчи ўринни Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Mega star flowers” МЧЖ раҳбари Ҳакима Тошматова эгаллади.

2016 йилда ташкил топган мазкур корхона раҳбари юртимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўлида яратилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда муваффақиятли фаолият кўрсатиб, ташқи бозорга ҳам чиқишга улгурди. Хорижий технологиялар асосида темир хомашёсини қайта ишлаш, шакл бериш, пардозлаш, темир буюмлар ва панжара ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада 90 дан зиёд киши иш билан таъминланган. 

Ўтган йили 800 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, унинг 45 фоизи Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон давлатларига экспорт қилинди.

11.jpg

– Бу йил маҳсулотимизга туркиялик шаҳарсозлар ҳам катта қизиқиш билдирди, – дейди Ҳ.Тошматова. – Натижада йўл бўйларига ўрнатиладиган нақшинкор панжара тўсиқлардан 200 километр тайёрлаб бериш бўйича шартнома туздик ва ҳозирда ушбу шартнома асосида иш бошланган.

Танловнинг иккинчи даражали дипломини Уйчи туманидаги “Уйчи обод замини” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Барно Мирзамова ва учинчи даражали дипломини Косонсой туманидаги қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Pastry boutiaue” хусусий корхонаси раҳбари Наргиза Акбарова қўлга киритди.
Тадбирда, шунингдек, “Замонавий тадбиркор аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл”, “Ташаббускор аёл” номинациялари ғолиблари ҳам тақдирланди.

Ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
7 829