Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.05.2018 09:52 Чоп этиш версияси

Афв этиш. Янги таҳрирда қабул қилинган Низом билан эскисининг қандай фарқи бор?

Афв этиш. Янги таҳрирда қабул қилинган Низом билан эскисининг қандай фарқи бор?
Низомга мувофиқ афв этиш Президент томонидан амалга оширилади. У қуйидаги шаклларда амалга оширилади...

2018 йил 8 майда “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Президент Фармони имзоланди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар беради. 

Шу муносабат билан, 2009 йил 13 мартда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Низом ўз кучини йўқотди.

Хўш, янги таҳрирда қабул қилинган Низом билан эскисининг қандай фарқи бор?
Биринчидан, афв этиш ҳақида илтимосномани киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати бирмунча аниқлаштирилди. Эски Низомда “Афв этиш ҳақидаги илтимоснома, қоида тариқасида, судланган шахс томонидан ёзма шаклда Ўзбекистон Республикаси Президенти номига берилади” деб белгиланган эди. Янги Низомда эса, ушбу илтимоснома судланган ёки жазони ўтаб чиққан шахс, шунингдек, қонун томонидан илтимоснома киритиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахс (орган) томонидан киритилиши мумкин эканлиги келтирилган. Шунингдек, илтимоснома бошқа шахс (орган) томонидан берилганда афв этилиши сўралаётган шахснинг ёзма розилиги бўлиши керак.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича Комиссиянинг таркибига кимлар кириши аниқ кўрсатиб берилди. Янги Низомга асосан, ушбу Комиссиянинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, шунингдек, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлашитириш Республика кенгаши ҳам «Нуроний» жамғармаси вакилларидан иборат бўлади.

Шунингдек, Комиссия таркибига Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, бошқа давлат ва нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳам жалб қилиниши мумкин.

Учинчидан, афв этиш ҳақидаги илтимосномага илова қилинадиган ҳужжатлар сони ортди. Жумладан, илтимосномани дастлабки тарзда кўриб чиқувчи Президент ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича Комиссия Секторига илтимоснома билан бирга юбориладиган ҳужжатлар рўйхатига жазони ижро этувчи муассасанинг маъмурияти томонидан тасдиқланган маҳкумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, Низомга мувофиқ афв этиш Президент томонидан қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

• асосий ва ўталмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод этиш;

• жазодан шартли озод қилиш;

• умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини ёки ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазоси қисмини енгилроқ жазога алмаштириш;

• судланганликни олиб ташлаш. 

ЎзА
8 044