ЎзА Ўзбек

05.06.2019 11:50 Чоп этиш версияси

Афв этилганлар

Афв этилганлар

Бағрикенглик, кечиримлилик, инсонпарварлик халқимизга хос ва унинг ўзига хослиги, улуғлиги, буюклиги ҳам шунда.

Президент фармони билан Муборак Рамазон ҳайити арафасида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 575 нафар фуқаро афв этилди.

Айни пайтда фармон ижроси тегишли идоралар томонидан тўлиқ ижро этилди. Афв этилган шахсларнинг барчаси жазони ижро этиш муассасаларидан ўз уйига қайтди.

Юртимиз эзгулик нурига чулғанган Улуғ айём кунларида ҳар бир хонадонда хурсандчилик, шукроналик ҳукм сурмоқда. Бундай шукуҳли онларни эса инсон зоти борки, барчаси истайди. Халқимиз шундай кунларда нафақат ўзи, яқинлари, балки меҳрга, шафқатга муҳтож кишиларни ҳам асло унутмайди. Турли сабаблар билан ораларида дилхиралик ўтган одамларни кечиришни эса одат қилган.

Ҳа, меҳрибонлик, бағрикенглик, кечиримлилик, инсонпарварлик каби юксак фазилатлар борки, уларнинг бари халқимизга хос. Халқимиз даҳосининг ўзига хослиги, улуғлиги, буюклиги ҳам шунда.

Юксак инсоний қадриятлар давлат сиёсатида устуворлик касб этаётгани унинг чинакам инсонпарварлиги нишонасидир.

Президент фармони билан афв этилган шахслар ўз уйларига кириб борар эканлар, уларнинг яқинлари, айниқса, фарзандлари кўзларидаги чексиз қувончни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Аслида афвдан мақсад фақат хато қилганни кечириш эмас, балки уларнинг оилаларига ҳам нур олиб киришдир.

Буни Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида яшовчи Мўминовлар хонадонида бўлганимизда, юракдан ҳис этдик. Узоқ вақт уйда бўлмаган хонадон соҳиби Бахтиёр Мўминовнинг келиши унинг икки нафар фарзанди, аҳли аёлини бахтиёр этди. Оиланинг хурсандчилигига уларнинг яқинлари, маҳалла-кўй ҳам шерик бўлди.

Қилмишдан пушаймонлик, хатодан тўғри хулоса чиқариш, тазарру туфайли эришилган афв туфайли содир бўлган дийдор, хурсандчилик... Булар инсон ҳаёти, тақдирида бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар. Муҳими, ибратли сабоқ, яхши якун.

Б.Мўминов Жиноят кодексининг 159-моддаси, яъни Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланган. Асл диний билими етарли бўлмагани учун ҳам у диний-экстремистик руҳдаги оқимларга қўшилиб қолган эди. Узоқ йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси эса унга хатосидан хулоса чиқариш, асл динни англаш, тўғри йўлни танлаш учун ҳам имкон, ҳам сабоқ берди.

- Муборак Рамазон ҳайити арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мен каби адашганларни афв этганидан чексиз миннатдор бўлдим, - дейди Бахтиёр Мўминов. - Бу биз учун давлатнинг, диннинг бағрикенглиги ифодаси бўлди. Асл бурч ва вазифам оиламни бахтли қилиш, юртга хизмат қилиш эканини жуда кеч тушундим. Кейинги ҳаётимда берилган имкондан, албатта, тўғри фойдаланаман.

Бу хонадонда оила бошлиғининг узоқ вақт уйда бўлмагани турли иқтисодий муаммолар туғилишига олиб келганини айтиб ўтиш жоиз. Айниқса, яшаш хонадони эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Ҳозирги пайтда ҳокимлик, маҳалла, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлиги асосида бу оилага ҳар томонлама ёрдам бериш чораси кўрилмоқда. Эски уй бузиб ташланиб, ўрнига янги иморат қуриш учун илк ғишт ҳам қўйилди. Оилага моддий ёрдам ҳам кўрсатилди. Б.Мўминов тез орада ишга ҳам жойлаштирилади.

Айнан шундай жиноят қилганлардан бири зангиоталик Абдуғани Аҳмедов эди. Унинг қамалиб кетиши кўп болали оила учун жуда катта мусибат бўлди. Чунки тадбиркорлик қилиб, бинойидек яшаётган бу йигитнинг диний-эстремистик оқим таъсирига тушиб қолгани оила ҳаётини тескари томонга буриб юборди.

Қўлига кишан солингандаёқ у қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлди. Лекин жиноятга жазо муқаррар. Аммо у ўзини яхши томондан намоён этиб, қилмишидан тўғри хулоса чиқарганини исботлашга астойдил ҳаракат қилди. Бу эса беиз кетмади. Унча узоқ бўлмаган муддат ўтгач Президентимизнинг афвига эришди.

Ҳайит куни Аҳмедовлар хонадонида ҳам катта хурсандчилик бўлди. Айниса, унинг олти нафар фарзандининг хурсандчилигини сўз билан ифодалаш қийин.

- Бу йигит ўзи яхшигина тадбиркор эди, ўшанда маҳалламизга янги кўчиб келганди, - дейди Тошкент тумани Кўксарой қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Акмал Раҳматов. - Йўлдан адашгани нафақат ўзига, балки оиласига катта мусибат келтирди. Хатосини тушуниб, пушаймон бўлгани учун Президентимиз бу шахсни афв этгани катта савобли иш бўлди. Жамиятда бир оилага бахт нури ёғилди. Маҳалладошимизнинг бундан буён тўғри йўлга тушиб кетиши учун барча имкониятларни ишга соламиз.

Ҳайит кунлари юртимизда бўлаётган бундай хайрли ишлар, алданган кишиларни кечириш билан кифояланмай, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар эзгуликдан дарак. Эзгулик ҳукмрон бўлган жойга эса Яратганнинг назари мангу тушажак.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА
11 556