ЎзА Ўзбек

13.02.2018 18:22 Чоп этиш версияси

Афв этилган шахслар ишга жойлашдими?

Давлатимиз томонидан диний экстремизм ғоялари таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришга қаратилаётган эътибор, жамиятга мослашиш имконияти берилаётгани халқимизга хос кечиримлилик ва бағрикенглик каби юксак қадриятларнинг ёрқин ифодасидир.

Президентимизнинг 2017 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Дўрмон маданият саройида озодликка чиқарилган ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан муддатини ўтаб қайтган диний экстремистик ва террористик оқимларга дахлдор бўлган Қибрай, Бўстонлиқ, Тошкент туманлари, Чирчиқ шаҳрида яшовчи шахслар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилган тадбирда бу алоҳида таъкидланди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, вилоят бандлик бош бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари иштирок этди.

Қибрайлик Жўрабой Комилов ҳам кўп қатори оиласига бош бўлиб, уч фарзандини тарбиялаш ўрнига жиноят кўчасига кирди. Жазони ижро этиш муассасасида қилмишининг қонунларимизга хилофлигини англаб етгач, пушаймон бўлди. Давлатимиз томонидан унинг қилмиши афв этилиб, жамиятда ўз ўрнини қайта топиши учун яна бир имконият берилди.

– Фарзандларимга ибратли ота бўлолмаганимдан афсусдаман, – дейди Ж.Комилов – Кеч бўлса-да, қилган ишим на қонунга ва оддий одамгарчиликка тўғри келмаслигини тўла англаб етдим. Ота-она, оила қадрини, озодликнинг нечоғли буюк неъмат эканини англадим. Менинг жуда оғир жиноятимни афв этган Президентимиздан, халқимиздан миннатдорман. Айни пайтда ҳаётимни янгидан бошлаб, юртимиз равнақи йўлида фойдали меҳнат қилишимга маҳалла фаоллари, профилактика инспектори яқиндан ёрдам бермоқда.

Тадбирда ташкилотчилар томонидан афв этилган ва жазо муддатини ўтаб қайтган шахсларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан бир қатор вазифалар белгилаб олинди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан саломатлигидан шикоят қилган шахслар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, фуқаролик паспортини йўқотганларга уни қайта олишга кўмаклашиш ва бошқа масалаларни тизимли равишда ҳал қилиш бўйича фикр алмашилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
10 312