Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 17:26 Чоп этиш версияси

Адолатнинг овози жарангдор, қўли кучли

– Сергели туманидаги «12-автобус саройи»да ҳайдовчи бўлиб ишлайман, икки фарзандим бор, йигирма йилдан бери ижарада яшаб юргандик, – дейди яккасаройлик Васлиддин Тоғаев. – Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига уй олиш масаласида мурожаат қилгандим. Мана, бугун оиламизга имтиёзли ипотека кредити асосида Сергели туманида қурилаётган кўп қаватли уйлардан икки хонали квартира беришди. Оиламизнинг кўп йиллик муаммоси ҳал бўлди. Бу кунларни бир умр унутмаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати 20 апрель куни Яккасарой туманида ташкил этган сайёр қабулда кўплаб инсонларнинг муаммоларига ечим изланди. Очиқ мулоқотда мамлакатимиз суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, марказий идора ва ташкилотлар, банк-молия муассасалари раҳбарлари, пойтахтимиз ва Яккасарой тумани ҳокимликлари масъул ходимлари фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларни ҳал қилишга киришди.

Жорий йилнинг 19 апрель кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига Яккасарой туманидан 6 минг 654 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 2 минг 177 таси бевосита Яккасарой тумани ҳокимлигига тегишли бўлиб, уларнинг қарийб 86 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода. Албатта, қатор мурожаатларга ечим топилган, бироқ ҳали тўла ҳал қилинмаган шикоятлар ҳам анчагина.

Сайёр қабулда туманда мурожаатлар билан ишлаш, одамлар қалбига йўл топиш, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларига ечим излаш борасидаги ишлар танқидий таҳлил руҳида кўриб чиқилди. Баъзи раҳбарлар аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётгани кескин танқид қилинди. Мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилишга юқори малакали кадрларни жалб этиш, мурожаатчига кўтарилган масаланинг ҳуқуқий ечимларини тўғри тушунтириш зарурлиги қайд этилди.

Сайёр қабулда турли соҳалар муҳокамалари учун алоҳида хоналар ажратилгани очиқ мулоқотни самарали ташкил қилиш имконини берди. Эътиборлиси, қатор масалалар жойида ҳал қилинди. Қўшимча ўрганиш, текшириш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари ўзларига тегишли ҳар бир масала ечими учун жавобгарликни зиммасига олди.

Сайёра Қодирова 1978 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Андижон вилоятининг Марҳамат туманида доимий рўйхатдан ўтган. Ўн беш йилдан бери Яккасарой туманида вақтинча прописка билан яшаб келмоқда. 2016 йил декабрь охирларида паспортини йўқотиб қўяди. Шу йил январда Марҳамат тумани ИИБга паспорт олиш учун бориб, барча ҳужжатни тақдим қилади, белгиланган тўловларни тўлайди.

Бироқ у ерда аёлга унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бекор қилинишини айтишади. Сабаб – унинг ота-онаси кўп йиллар бурун Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқарилган, уни васийликка олиш бўйича ҳужжатлар йўқ экан. С.Қодированинг айтишича, у бувисининг қўлида катта бўлган, 1991 йили холасининг уйида доимий рўйхатга қўйилган, бу уй дафтарида қайд этилган. Шу асосда ҳозирга қадар айнан Марҳамат тумани ИИБда уч марта паспорт алмаштирган, бироқ бирор марта фуқароликни бекор қилиш масаласи кўтарилмаган.

Сайёр қабулда соҳа мутасаддилари Сайёра Қодировага мазкур масала «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиб, унга адолатли ечим топилишини айтди. Мурожаат назоратга олинди.

– 1990 йилдан бери Ракатбоши кўчаси 16-уйдаги умумий ҳовлида яшардик, шу пайтгача 5 сотих ер майдонидан фойдаланардик, 1996 йили бу ер бизга бириктирилган, бироқ эгалик ҳуқуқимиз йўқ эди, – дейди яккасаройлик 58 ёшли Дурдона Ғаффорова. – Тўрт йилдан бери шу масалада туман ҳокимлиги билан судлашаётгандик. Шу йилнинг 5 апрелида Яккасарой ва Сергели туманлари аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулда бу ҳақда мурожаат қилдик. Натижада тез кунда Яккасарой тумани ҳокимининг қарори билан бизга мазкур ер майдонига эгалик ҳуқуқи берилди. Бугун навбатдаги сайёр қабулга мурожаатимиз ҳал бўлгани учун раҳмат айтгани келдик.

Яккасаройлик Аҳлиддин Аҳмаджоновнинг уч фарзанди бор. Ўн икки йилдан бери унинг оиласи ҳам ўз уйи йўқлигидан қийналаётганди.

– Яқинда шу масалада Халқ қабулхонасига мурожаат қилгандим, тез кунда муаммомни ҳал қилишди, мана, бугун оиламизга имтиёзли кредит асосида Сергели туманидан уч хонали уй ажратишди, – дейди А.Аҳмаджонов. – Насиб бўлса, Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида янги уйга кўчиб кирамиз. Ўз уйимизга эга бўлганимиз бу қутлуғ байрам арафасида бизга катта совға бўлди.

Очиқ мулоқотда фуқаролардан соғлиқни сақлаш масаласида ҳам қатор мурожаатлар бўлди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонованинг айтишича, яккасаройлик Каромат Тошботированинг буйраги хаста, у Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига, учинчи гуруҳ ногирони Абдуғани Носиров 59-оилавий поликлиниканинг кундузги стационарига даволаниш учун ётқизилди. Учинчи гуруҳ ногирони Мирхалил Мирраҳимовни II гуруҳ ногиронлигига ўтказиш, бош миянинг сурункали касаллиги – эпилепсия билан оғриётган Владимир Волковга ногиронликни расмийлаштириш, тиббиёт ходимаси Насиба Қосимовани пойтахтимизга доимий прописка қилиш, Моҳира Хўжаеванинг қандли диабетдан азият чекаётган 71 ёшли отасига даволаниш учун ордер бериш каби масалаларни вазирлик тез кунда кўриб чиқади.

– Олти сотих қуруқ ерим бор, ўша жойга уй қуриш учун кредит олиш масаласида мурожаат қилдим, – дейди юнусободлик II гуруҳ ногирони Зиёвуддин Зайнуддинов. – Банк мутасаддилари мен билан суҳбатлашиб, 80 миллион сўм атрофида кредит ажратадиган бўлди.

Сайёр қабул жараёнида муаммоси ҳал бўлган ҳар бир инсон билан суҳбатлашаркансиз, унинг юз-кўзида, сўзида бир жиҳат намоён бўлади: давлат органларига, келажакка, адолат ва ҳақиқатга ишонч. Аслида ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси билан асос солинган Халқ қабулхоналари институтидан мақсад халқимизни ҳаётдан рози қилишдир. Бироқ муаммолар бартараф бўлишига аҳолининг ўзи ҳам ёрдам бериши керак. Жумладан, жорий йилнинг 1 апрелига қадар Яккасарой туманида табиий газдан 11,1 миллиард сўм, электр энергиясидан 7,5 миллиард сўм қарздорлик мавжудлиги таассуфлидир.

Мазкур очиқ мулоқот Яккасарой туманида ҳам ҳали-ҳануз жуда кўп муаммолар борлигини кўрсатди. Хўш, бу муаммолар нималардан иборат? Уларнинг ечими қандай? Ҳар бир мурожаат ўз ечимини топиши, адолат ва ҳақиқат амалда таъминланиши, ҳудуд аҳолисининг шикоятлари камайиши учун нима ишларни қилиш керак?

– Президентимиз халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини таъминлашда кўзимизни очиб берди, шу пайтгача қуйи бўғинларга тушмаганимиз оқибатида шу муаммолар йиғилиб қолган, – дейди Яккасарой тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов. – Аҳоли асосан уй-жой масаласида ёрдам сўрамоқда ва бу ҳақли талабдир. Яккасарой аҳолисининг бугунга қадар Виртуал қабулхонага мурожаатларининг 16,4 фоизи ҳам айнан шу масалага оид. 2017-2020 йилларда Тошкент шаҳрида 32 минг хонадондан иборат кўп қаватли 500 уй-жой қурилади. Бу уйлардан яккасаройликларга ҳам ажратилади. Йўлларнинг бугунги аҳволи талабга жавоб бермаслиги бор гап. Биргина жорий йилда туманимиздаги 10,9 километр марказий ва магистрал, 286,5 минг квадрат метр ички йўллар капитал ва жорий таъмирланади. Коммунал, иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги муаммоларни ечиш бўйича лойиҳаларимиз тасдиқланган. Уларни тўла амалга ошириш бўйича барча кучни сафарбар қиламиз.

– Жорий йилнинг уч ойида туманимиз прокуратураси 463 мурожаатни ҳал қилди, – дейди Яккасарой тумани прокурори Илҳом Айдўсов. – Бироқ бугун ҳали туманимизда ўз ечимини топмаган муаммолар кўплигига, уларни бартараф қилиш учун тун-кун изланишимиз, ишлашимиз лозимлигига яна бир бор амин бўлдик.

– Бугунги сайёр қабулдан олган хулосам – ҳар бир хонадонда бўлиб, одамларнинг кўнглига йўл топиб, уларнинг муаммолари ечимида яқиндан ёрдам беришимиз, бу борада ўзимизга бўлган талабни янада кучайтиришимиз лозим, – дейди Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Фаррух Ҳайдаров. – Шу пайтгача туман аҳолисининг Виртуал қабулхонага мурожаатларининг 5,3 фоизи фуқаролик, паспорт ва прописка масалаларига оиддир. Уларнинг қонуний ечими борлари ҳал этилмоқда, қолганлари бўйича зарур тушунтиришлар берилмоқда.

– Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилинаётгани – мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилишда халқ ва давлат идоралари ўртасида ўзига хос кўприк бўлмоқда, – дейди Яккасарой тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ғиёс Дўстмуҳамедов. – Бизнинг соҳада аҳоли асосан солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, солиқларни ҳисоблаш, бу борадаги имтиёзлар ҳақида мурожаатлар қилмоқда. Уларнинг ҳар бири қатъий назоратга олинган. Бугунги очиқ мулоқотда туманимиздаги мавжуд муаммоларни яна бир бор таҳлил қилдик, уларни ҳал қилиш учун бир ёқадан бош чиқариб ишлаймиз.

...Ҳаёт бор экан, инсон бор экан, муаммолар ҳам бўлиши табиий. Шу маънода мурожаатлар билан ишлаш ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди. Албатта, одамзотни буткул рози қилиш имконсиз. Бироқ давлат идоралари ва халқимиз якдил-ҳамфикр бўлиб, муаммоларга тик қараб, уларни бир четдан ҳал қилишга киришаётгани ҳаётимизда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилмоқда. Адолат ҳаётимизда тўла қарор топса, шикоятлар аста-секин камаяди. Бу барчамиздан Президентимиз атрофида янада жипслашиб, уйғоқ виждон билан яшашни, катта ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб қилмоқда.

Умид Ёқубов, ЎзА
3 252






Все о погоде - Pogoda.uz