Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 21:28 Чоп этиш версияси

Адолатнинг катта-кичиги бўлмайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев асос солган халқ билан мулоқот, мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизим, Халқ қабулхоналари институти ўзбек давлатчилик мактабига мансуб адолатпарварлик, ҳақиқатни амалда таъминлашдек асрий анъаналар илдизларидан қувват олади. Бунда оддий одамлар қалбига қулоқ солиш, уларнинг дард-ташвишларини астойдил тинглаш, муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам бериш, қисқа айтганда, давлат идораларининг халқ талаб ва истаклари асосида ишлашига эришишдан кўзланган мақсад битта – халқимизни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг армонларини ушалтириш, орзуларини рўёбга чиқариш.

Бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимларининг сайёр қабулларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида 5 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги сайёр қабулда Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига пойтахтимизнинг Юнусобод ва Олмазор туманлари аҳолиси йўллаган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов бошқарган очиқ мулоқотда жисмоний ва юридик шахслардан тушаётган мурожаатларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан назоратида экани, бу ислоҳотлар ҳаётимизда адолат янада мустаҳкам қарор топиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди. Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Тошкент шаҳар, Юнусобод ва Олмазор туманлари ҳокимликлари масъул ходимлари фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатларини бевосита муҳокама қилди.

Жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига Юнусобод тумани аҳолисидан қарийб 20 минг 400 мурожаат тушган. Уларнинг 89 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода. Олмазор туманидан шу вақтга қадар 16 минг 640 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 14 минг 793 таси кўриб чиқилган, 1 минг 847 мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида. Таҳлиллар мазкур туманлар аҳолисидан асосан уй-жой, банк-молия, моддий ёрдам, иш ҳақи ва пенсия, фуқаролик, паспорт ва прописка, судларда ишлар кўрилиши, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, меҳнат ва бандлик, суд қарорлари ижроси, суриштирув ва тергов жараёни, таълим соҳаси, иссиқлик ва электр энергияси, табий газ таъминоти, соғлиқни сақлаш, транспорт ва йўловчи ташиш хизматлари каби йўналишлар бўйича мурожаатлар келаётгани аниқланди.

Сайёр қабулда турли соҳалар муҳокамалари учун алоҳида хоналар ажратилгани очиқ мулоқотни самарали ташкил қилиш имконини берди. Эътиборлиси, кўп ўтмай айрим масалалар жойида ҳал қилинди. Қўшимча ўрганиш, текшириш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари ўзларига тегишли ҳар бир масала ечими учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Юнусободлик Мухтабар Каримова қарийб ўттиз йилдан бери каштачилик билан шуғулланади. Опанинг айтишича, илгари Олой бозорида ҳунармандлар учун махсус расталар бўлган, бироқ 2016 йили бозор қайта таъмирлангач, бу ерда уларга ўз маҳсулотларини сотиш учун жой ажратилмаган.

Бу масалага Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Нозим Ҳусанов қуйидагича жавоб берди:

– Ҳозирги вақтда пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисми қайта қурилмоқда. Бунда махсус Ҳунармандлар кўчаси лойиҳаси устида иш кетмоқда. Мазкур савдо ҳудуди Зарқайнар кўчасида жойлашади, бу ерда ҳунармандлар ўз маҳсулотларини эмин-эркин сотиш имконига эга бўлади. Сизга ҳам Ҳунармандлар кўчасидан, албатта, жой ажратамиз.

– Унгача фаолиятимни қандай давом эттираман? – яна савол берди Мухтабар Каримова.

– Бу масалада ҳам ёрдам берамиз, – деди Нозим Ҳусанов. – Ҳунармандлар кўчаси тайёр бўлгунча фаолиятингиз тўхтаб қолмайди.

Юнусобод туманидан яна бир фуқаро Суннатхон Салохов новвойчилик билан шуғулланиш учун жой сўраб мурожаат қилган. Унга намунавий маҳалла лойиҳаси доирасида новвойлар учун ҳам жой ажратиш кўзда тутилгани тушунтирилди.

– 2015 йили ўқув маркази очиб, ҳозиргача 21 иш ўрни ташкил этдик, – дейди юнусободлик тадбиркор Ойбек Нурмуҳаммадов. – Энди марказимизни кенгайтиришга эҳтиёж пайдо бўлди. Шу боис Виртуал қабулхонага бино учун жой ажратишларини сўраб мурожаат қилдик. Бугун бизга қуруқ ер майдони сотиб олиш ва бино тиклашдан кўра, ижарага тайёр бино олиш ёки эскирган бирор иморатни «ноль» қийматда харид қилиш арзонроққа тушишини тушунтиришди. Ўйлаб кўрсак, бу чиндан ҳам бизга қулай экан.

Аудиторияларда қизғин мулоқотлар кечмоқда: кимдир суд-ҳуқуқ, яна биров ишга жойлашиш ёки соғлиқни сақлаш ёхуд йўллар таъмири каби масалаларда тегишли соҳа мутасаддилари билан юзма-юз гаплашиб, муаммоларини, ўз фикрини, таклиф ва мулоҳазаларини очиқ-ойдин айтмоқда. Ўртада чегара йўқ, қўрқув, ҳадик, сансоларлик йўқ. Чунки одамлар, чин маънода, ортида суянч тоғи борлигини ҳис қилмоқда, барча масалани қонун доирасида кўриб чиқиш ва ҳал қилиш имконини англаб етмоқда.

– Бугун Юнусобод ва Олмазор туманлари аҳолисидан тиббиёт тизимига оид 9 мурожаат бўлди, уларнинг тўрттаси жойида ҳал қилинди, қолганлари қатъий назоратга олинди, – дейди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова. – Юнусободлик Шаҳноза Файзуллаеванинг фарзанди даволаниш учун Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг клиникасига ётқизилди, Олмазор туманидан Дилдора Нажимова ва Комила Саидованинг фарзандларини “Мурувват” ногирон болалар интернат уйига жойлаштиришга киришилди. Яна бир бемор билан ҳозир Республика онкология илмий марказига бориб, унинг даволаниши билан боғлиқ масалаларни ҳал қиламиз.

Шу куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Яккасарой ва Сергели туманлари аҳолиси учун ҳам сайёр қабул ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар вакилларининг жойларда сайёр қабуллар ўтказиб, аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлаётгани одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали усули сифатида ўз исботини топаётганини таъкидлади. Бунда фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан тегишли соҳаларга масъул бўлган раҳбарларга бевосита мурожаат қилиш, улар билан юзма-юз, очиқ ва ошкора мулоқотга киришиш имконига эга бўлди.

Жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Яккасарой туманидан 6 минг 236 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 89,7 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода. Сергели туманидан мурожаатлар сони 12 минг 557 тани ташкил қилади. Уларнинг 10 минг 813 таси кўриб чиқилган, 1 минг 744 таси кўриб чиқилмоқда.

Ҳар икки тумандан ҳам энг кўп мурожаат (16,8-23,4 фоиз) уй-жой олиш, турар жой қуриш учун ер ажратиш, жойларда уй-жойларнинг таъмирга муҳтожлиги масалаларига оид. Банк-молия, судларда ишлар кўрилиши, фуқаролик, паспорт ва прописка, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти, суд қарорлари ижроси, меҳнат ва бандлик каби масалаларда ҳам мурожаатлар анчагина. Сайёр қабулда нафақат бу мурожаатлар кўриб чиқилди, балки уларнинг сабаб-оқибатлари ва ечимлари ҳам муҳокама қилинди. Ҳар бир мурожаат бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига топшириқлар берилди.

Шайхонтоҳурлик Манзура Исроилованинг фуқаролик ва доимий прописка масаласидаги мурожаатини Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари назоратга олди. Сергелилик Раҳматжон Тўхтабоевга судларда ишларнинг кўрилишига оид масала бўйича Олий суд ва Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди мутасаддилари тушунтиришлар берди.

Сергелилик Баҳром Умарқулов вақтинча ишсиз. Онаси 1-гуруҳ ногирони. Унинг ишга кириш ва моддий ёрдам бўйича мурожаатини «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мутасаддилари кўриб чиқиб, амалий ёрдам берадиган бўлди. Чилонзорлик Асқарали Қодиров Яккасарой ИИБ ходимларининг айрим хатти-ҳаракатларидан норози экан. Прокуратура ходимлари А.Қодиров билан суҳбатлашиб, унинг бу борадаги аризасини қабул қилди.

Албатта, сайёр қабул – жуда қизғин жараён. Қувонарлиси, одамларнинг давлат органларига, келажакка, адолат ва ҳақиқатга ишончи ортмоқда. Уларнинг дунёқараши ўзгармоқда.

Шу билан бирга, айрим фуқароларда ҳамон лоқайдлик кузатилаётгани таассуфлидир. Масалан, Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган одамлар мазкур сайёр қабулларга чақирилган – бир-икки кун олдин уларнинг ҳар бири билан боғланиб, бу ҳақда хабар берилган. Уларнинг дарду ташвишларини эшитиш, муаммоларини ҳал қилиш учун Давлат маслаҳатчиси, давлат бошқарув органлари раҳбарларидан то қуйи бўғинлардаги мутасаддиларгача жам бўлган. Бироқ баъзи ҳолларда мурожаатчининг ўзи йўқ. Қани мурожаат маданияти, қани давлат органлари раҳбарларига ҳурмат? Ахир қарс икки қўлдан эмасми?!. Бу мурожаат қилувчиларнинг ўз шикоят-аризалари Президент даражасида кўрилаётганини чуқур англаб етишлари ҳамон долзарб масала эканини кўрсатади.

Қисқа айтганда, адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Кўлами, моҳият-эътиборидан қатъи назар, ҳар бир инсон ҳаётида лоақал битта масала ечилса, бирники мингга татийверади. Зотан, ҳар бир мурожаат ўзаро мулоқотга, мулоқот эса қизғин муҳокамага йўл очади. Бу билан жамиятимизда адолат барқарорлиги таъминланади, адолат бор жойда шикоятга ўрин қолмайди.

Умид Ёқубов, ЎзА
4 688






Все о погоде - Pogoda.uz