ЎзА Ўзбек

05.03.2018 10:10 Чоп этиш версияси

АДОЛАТ ЭРТАГИ

АДОЛАТ ЭРТАГИ
Афсоналарга қараганда, Худо дунёдаги барча халқларга ер бўлиштириб бераётганда, бу халқ ҳурмат-иззат кўрсатиб, қўли очиқлик, тантилик қилиб бошқа халқларни олдингга ўтказиб юбораверибди. Охири навбати келганда эса, ер тугаб қолибди. Шунда Худо бу халққа қараб:

– Ер тугади, аммо сенинг сахийлигинг, мардлигинг учун мукофотлайман – сенга жаннатимнинг бир бўлагини бераман, – деган экан.

Ҳа, бу халқ азалдан қалби даштларидай кенг, юраги дарёларидай тошқин, соддалигига, мўминлигига, очиқкўнгиллигига ҳатто фаришталар ҳам ҳавас қиладиган, саховатию муруввати Ҳотами тойларни ҳам хижолат қиладиган, сўзию амали бир, мард халқ эди. Қирғин келса, жон беришга, ўзгаларнинг бошини силаб, меҳр кўрсатишга қодир, имон-эътиқодида собит, Ватан учун ҳеч нарсасини аямайдиган гўзал фазилатли халқ эди.

Аммо унинг соддалиги, бирсўзлилиги, серандишалигидан ғайри ниятли кимсалар ўз манфаати йўлида кўп фойдаланди. Қизил яловли аждар бу заминнинг тупроғини топтади, зиёлиларини отди, маънавий хазинасига ўт қўйди, кул қилди, кун-паякун қилди. Халққа зулм ўтказиб, қадрини, қаддини букди, тобе ва мўъте қилмоқчи бўлди, манқурт қилмоқчи бўлди, ҳаммасини далага ҳайдади, бошларидан темир учарда дори сепиб, устидан кулди, туҳмату бўҳтонларни манглайига тамға қилиб, ўққа тутди.

Мазлум халқнинг астойдил қилган ноласи кўкка етиб, қизил аждарнинг куни битди. Халқ озодликка чиқди, кўксига ҳурлик шамоли тегди. Халқни қизил аждар панжасидан озод қилган Юрт оғаси уни ёруғ манзилларга етакламоқ бўлди. Эзгу орзу-ниятлари, мақсаду ғоялари бисёр бўлди. Нияти юртини дунёнинг манаман деган давлатлари қаторида кўриш эди, мақсади халқининг тинч-осойишта, усти бут, дастурхони тўкин, бахтли қилиш эди. Юрт оғаси шеримард эди, халқи, Ватани учун жонфидо эди. Аммо у ҳам халқидай соддадил эди. Бу қўл остидаги шайтонга сиғинган, дунёю давлатга ҳирс қўйган, ёвуз ниятли мансабдор кимсалар – айрим қозию хуфиялар, божбону хазинабонлар, вазиру нойиблар учун жуда ўнғай келди. Улар Юрт оғасининг кўзини шамғалат қилиб, элу юртни, халқни талай бошлади, сарсону саргардон қилди, гапирганнинг оғзига урди, кўзларининг ўтини олди. Айримлари ўз қорни ғамида юртни сотди – бойлигини талон-тарож қилди, халқни сотди – қўлидагини тортиб олди. Улар “Менга деса қирилиб кетмайдими, ўзим бойисам бўлди” деб ўйлади, улар “Биз яхши яшаяпмиз, демак халқ ҳам яхши умргузаронлик қиляпти” деб алдади. Улар халқни Юрт оғаси билан, Юрт оғасини халқ билан яқинлашишидан чўчиди, улар иккисини айро ушлаб ўтиришга жон жаҳди билан тиришди. Адолатни, ҳақиқатни излайвериб, кутавериб халқнинг кўзлари тўрт бўлди, кўкайи кесилиб, умидсизлик, ишончсизлик домига тушди.

Ана шундай кунларнинг бирида халқ ичидан халқпарвар, юртсевар, ёвқур ва мард, сахий ва адолатли ботир ўғлон чиқди. У Юрт оғасига муносиб издош бўлди, Юрт оғаси рўёбга чиқаришга улгурмаган ишларни муносиб давом эттирди. У юрт тепасига келиб, энг аввало, ўша ёвуз ниятли сотқину қўрқоқлардан, манфуру разил мансабдорлардан тозалади. Куну тун халқни, унинг бахту саодатини, тинч-осойишта ва фаровон турмуш кечиришини таъминлаш ҳақида ўйлади. Бу йўлда фармону қарорлар чиқариб, ҳаётга татбиқ этди. Адолатни, ҳақиқатни тиклади. Адашганни кечирди, муҳтожларга ёрдам берди, юрагида ўти бор, халқ учун, юрт учун ўзини аямайдиган одамларни дўст билди, мансаб, жиғилдон ғамида юрганларни, ҳаромдан ҳазар қилмайдиганларни душман билди. 

Халқ кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеаларнинг гувоҳи бўлди. Халқ кўрганларига ишониб-ишонмай “Бўлар экан-ку! Бизни ўйлайдиганлар ҳам бор экан-ку!” деб ҳайрату хурсандчилигини изҳор қилди. Халқ юрт тепасига келган ботир ўғлонидан рози бўлди, халқ адолатни, ишончни, умидни қайтариб берган мард ўғлонидан миннатдор бўлди.

Халқ ботир ўғлони билан ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб, у билан елкама-елка туриб, улкан режалар, буюк мақсадлар сари одимлашни, Худо инъом этган жаннатмакон Ватанини янада обод, файзли, гўзал қилишни ўзига шараф деб билди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
14 647