ЎзА Ўзбек

18.06.2018 17:10 Чоп этиш версияси

"Абитуриент – 2018": Ишонч ва имконият синови

Мамлакатимизда ёшларнинг мустақил ўқиб-изланиши, эркин касб танлаши, ўзи танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар яратилган. Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтаётган “Абитуриент – 2018” имтиҳонлари ўз олдига улкан мақсадларни қўйган ана шундай ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросидан келиб чиқиб, 2017 йил 1 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Академиянинг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат орқали тест синовларисиз амалга оширилиши белгиланди.

– Ёшлар тақдири – миллат тақдири, деган тамойил мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўй кўрсатмоқда, – дейди ИИВ Академияси матбуот гуруҳи катта инспектори Жамшид Холов. – Абитуриентлар учун махсус танловлар, жумладан, малакали тиббий кўрик, психофизиологик ўрганиш, ёзма иш (баён), умумжисмоний тайёргарлик даражаси ҳамда чет тилларини ўзлаштирганлигини баҳолаш бўйича синовлар ташкил этилди. Юқоридаги синовлардан етарли балларни тўплаган абитуриентлар якка тартибдаги якуний суҳбатда қатнашмоқда. Айтиш лозимки, синов имтиҳонларининг тенг ҳуқуқлилик, ошкора ва шаффоф тарзда ўтказилаётгани ўз тақдирини Ватанимиз тақдири, унинг эртанги куни билан боғлашни мақсад қилган ёшлар учун катта имконият яратмоқда.

Нурилло Насриев, ЎзА
9 462